Ушбу дастуримизда сиз 19-25 февраль кунлари содир бўлган иқлим аномалиялари ҳақида билиб оласиз.
Россия
Ҳарорат хаоси мутахассисларни ҳайрон қолдиришдан тўхтамаяпди. Қутб чегарасидан ташқаридаги Кольск ярим оролида, баъзи жойларда ҳатто кечаси ҳам аёзлар бўлмади, кундузи эса ҳарорат +5 °C бўлди.
Мамлакат жанубига эса кучли қорлар билан аномал совуқлар келди. Кубаньнинг Краснодар, Новороссийск ва бошқа шаҳар ва туманларида сув омборлари музлади ва торослар ҳосил бўлди.
Сочи шаҳрида қор нафақат одатда қор уюмлари уч метрга етадиган тоғли ҳудудларда, балки ҳатто соҳил бўйида ҳам ёғди. Яшил газонлар, пальмалар ва гуллар қалин қор қатлами остида қолди, бу эса минтақа учун камдан кам учрайдиган ҳодиса.
Грузия
Грузиянинг ғарбий қисмида ёғган кучли қор туфайли, поездлар қатнови бекор қилинди. Кахетияда жамоат транспорти тўхтатилди. Поти шаҳрида эса 6 000 га яқин истеъмолчилар электр таъминотисиз қолди.
Қишда ўртача ҳарорат одатда +10°C атрофида бўладиган иссиқ Батумида, кучли совуқлар шаҳарни деярли фалаж қилиб қўйди. Коммунал хизматлар куну-тун кўчаларни қордан тозалашди.
Арманистон
20 февраль куни Арманистонда кучли қор ёғиб, транспорт коллапсига сабаб бўлди. Кун давомида мамлакат бўйлаб 1000 дан зиёд авариялар қайд этилди. Арагац тоғли ҳудудида қор қопламининг баландлиги 120 сантиметрга етди.
Греция
Грециянинг Шимолий ҳудудларида ҳарорат -10°C дан пастга тушди. Флорина яқинида жойлашган Полипотамос шаршараси бутунлай музлаб қолди ва ҳатто совуқларқа ўрганиб қолган маҳаллий аҳолини ҳам ҳайрон қолдирди.
Туркия
Туркия аҳолиси сўнгги 50 йил ичидаги энг кучли қор билан тўқнашди. Истанбулда транспорт инқирози юз берди, юк машиналари тепаликка кўтарила олмай тўхтаб қолди. Шаҳарда камида 139 йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлди. Босфор бўғози бўйлаб кемалар ҳаракати бутунлай тўхтатилди.
Ироқ
Ироқнинг Киркук вилоятининг шимолида ҳаддан ташқари кўп қор ёғди. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, бунақаси бир неча ўн йилдан бери бўлмаган.
Эрон
Эронда 31 та вилоятдан 25 таси кучли қордан ва ҳароратнинг кескин совушидан азият чекди. Бундай об-ҳаво шароити мамлакатдаги энергия инқирозини янада оғирлаштирди. Натижада пойтахт Теҳронда тиббиёт ва хизмат кўрсатиш марказларидан ташқари барча мактаблар, университетлар ва давлат муассасалари мунтазам равишда электр ва газ узилишлари туфайли ёпилди.
АҚШ
АҚШга жорий қиш мобайнида саккизинчи маротабa кучли қиш бўрони келиб уриб, ўнлаб штатлардаги ҳаётни фалаж қилиб қўйди. Қор ёғиши йўлларда ва аэропортларда тартибсизликларга сабаб бўлди: мамлакат бўйлаб тахминан 4 000 та авиарейслар бекор қилинди. 19 февраль куни Вирджиния штатидаги Вирджиния-Бич шаҳрида қарийб 32 сантиметр қор ёғди.
Нью-Йорк штатининг Освего округида бир ҳафта ичида 180 сантиметрдан кўп қор ёғиши натижасида, 26 та бинонинг томлари қорнинг оғирлигидан қулаб тушди.
Арктика совуғи ва кучли қорлар 1 500 дан зиёд аварияларга ва 4 кишининг ўлимига сабаб бўлди. Мичиган штатининг Детройт шаҳрида водопроводнинг кенг кўламли ёрилишидан кейин машиналар музда қотиб қолди.
Хитой
20 февраль куни Хитойнинг Юньнань провинциясидаги Мэйли-Сюэшань тоғида узоқ вақт давомида ёғган қор туфайли катта қор кўчкиси тушди.
Кўчки йўлида бўлган сайёҳлар ёғоч иншоотларда беркиниб олишга муваффақ бўлишди. Ҳайрият, ҳеч ким жароҳат олмади ва ҳеч қандай зарар кўрмади.
Воқеа ҳақидаги маълумотлар билан бир қаторда янгиликларда «Ваҳима қилманг ва томоша қилиш учун тўхтаманг!» деган муҳим эслатма ҳам овоза қилинди. Бу ҳаммага тушунарли бўлиб туюлса ҳам, табиий офатлар вақтидаги одамларнинг хатти-ҳаракатларига қараса кўплаб саволлар юзага келади.
Нимага одамлар лава яқинида чиройли суратни олиш ёки завқ олиш учун нафақат ўз ҳаётларини, балки фарзандларининг ҳам ҳаётларини хавф остига қўйишади? Қочиш ўрнига қор ёки ер кўчкисини суратга олаётганларнинг омон қолиш инстинкти қаерга йўқ бўлади? Нима учун одамлар зилзила пайтида ўзларини эмас, балки буюмларини қутқаришга харакат қилишади? Ҳатто хавф-хатар йўқ бўлган вазиятларда, мисол учун кучли қор ёғаётганда уйда қолиш ўрнига, баъзи одамлар дўконга шошилади ва кейин уларни қор тузоғидан қутқаришга тўғри келади ….... агар улгурсалар.
Ер юзида содир бўлаётган воқеаларни кузатар эканмиз, биз ўзимизга қайта-қайта савол беряпмиз: нима учун одамлар ҳаётни энг юксак ва қайтариб бўлмайдиган қадрият сифатида қабул қилмай қўйишди? Дарҳақиқат, жамиятимизда ҳозир авжига чиқаётган иқлимий, иқтисодий ва бошқа инқирозлардан ташқари энг асосий инқироз — бу ҳаёт қадрининг инқирози.
Ўлим ёқасида бўлганларнинг сўзларини эсланг: «Энг муҳими мен тирикман. Яқинларим эса мен билан бирга». Ўз ҳаётимиз қадрини тушунганимиздагина, биз бошқаларнинг ҳаётини ҳам қадрлай бошлаймиз. Иқлим бизга аслида нима муҳимлигини англаш имкониятини беряпди.
Дунё тубдан ўзгаряпди. Бугунги кунда бизнинг олдимизда нафақат одамларнинг келажаги, балки ҳаётлари ҳам боғлиқ бўлган муаммо турибди. Ҳа, бу муаммода кўплаб номаълум нарсалар бор, лекин уни ҳал қилиш мумкин.
Ҳаёт курашишга арзийди!
Шарҳ қолдириш