Дўстлар, бугун биз сиз билан очиқчасига гаплашиб олмоқчимиз….
Жорий йилнинг 28 майидан 3 июнигача содир бўлган иқлим воқеаларининг ушбу обзорини томоша қилинг ва биз бу дастурларни аслида нима учун тайёрлаётганимизни билиб олинг.
Германия
31 май куни Германиянинг Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ерида кучли момақалдироқ, жала ва дўл ёғди. Хюккельхофен шаҳри айниқса катта зарар кўрди, у ерда тўсатдан бошланган бўрон карнавал байрамини тўхтатиб қўйди.
Баъзи байрам иштирокчилари ташкилотчиларни яқинлашиб келаётган бўронга тезкор муносабат билдирмаганликда айблади, аммо ташкилотчилар бу танқидни рад этишди. Улардан бири 20 йиллик тажрибасида ҳеч қачон бу қадар кескин ва ҳалокатли об-ҳавога дуч келмаганини айтди.
Швейцария
28 май куни Швейцариянинг Вале кантонида Берч музлигининг оммавий кўчиши содир бўлди: Лёченталь водийсига тахминан уч миллион куб метр тош ва муз қулаб тушди. Блаттен қишлоғи деярли бутунлай вайрон бўлди, Лонза дарёсини тўсиб қўйган улкан тош сабабли омон қолган уйларни сув босди.
Фожиадан қочиб қутилишнинг иложи бўлмади: тахминларга кўра музлик кўчиши пайтида уй ҳайвонлари билан молхонада бўлган фермер бедарак йўқолди.
Миср
31 май куни Миср шимолидаги муҳим порт шаҳри Александрияга кучли бўрон келиб урди. Тезлиги 60 км/соатга етадиган кучли шамол, момақалдироқ ва шиддатли дўл шаҳар кўчаларида тартибсизликларни юзага келтирди.
Кучли шквал шамоли ва деразаларга урилган дўл туфайли қаҳвахона мижозлари қочишга мажбур бўлишди. Йилнинг бу фаслида Мисрнинг Ўрта ер денгизи соҳилларида бундай кучли бўроннинг содир бўлиши — мисли кўрилмаган ҳодиса.
Нигерия
Нигериянинг Моква шаҳрида 29 майдан 30 майга ўтар кечаси ёққан кучли ёмғир оқибатида кенг кўламли тошқин юзага келди. У сўнгги 60 йил ичидаги энг ҳалокатли тошқинлардан бирига айланди. Ҳалок бўлганларнинг сони 200 кишидан ошди, яна 1000 га яқин одам бедарак йўқолганлар рўйхатида.
Фавқулодда вазиятларни бошқариш Миллий агентлиги ҳодисани «мисли кўрилмаган тошқин» деб таърифлади. Аммо энг ёмони шундаки, бу ҳали ёмғирлар мавсумининг чилласи эмас.
Канада
Канадада сўнгги йиллардаги энг жиддий ўрмон ёнғинлари мавсумларидан бири бошланди.
Бир вақтнинг ўзида 3 та провинция кенг кўламли эвакуацияга дуч келди. 26 000 дан зиёд одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди.
Ёнғинлардан чиқаётган тутун нафақат Канадада, балки АҚШнинг бир қатор штатларида ҳам ҳаво сифатини жиддий даражада ёмонлаштирди. Шимолий Дакота, Миннесота ва Монтана штатларида ҳаво «соғлиқ учун зарарли» деб эълон қилинди. Катта тутун оқими Атлантика океанини кесиб ўтиб, 1 июнь куни Европага ҳам етиб борди.
АҚШ
30 май куни Кентукки штатининг Вашингтон округида кутилмаганда EF2 тоифасидан паст бўлмаган торнадо юзага келди. Ўша куни кучли момақалдироқ ҳам, торнадо ҳам прогноз қилинмаган ва огоҳлантириш табиий офатдан атиги бир неча дақиқа олдин берилди.
Торнадо оқибатида бир киши ҳалок бўлди, яна етти киши турли жароҳатлар олди.
28 май куни кечқурун Техас штатининг пойтахти Остин шаҳрига келиб урган кучли суперячейкали момақалдироқ катта вайронагарчиликларга сабаб бўлди.
Торнадо
28 май куни Арманистоннинг Артик шаҳрида торнадо бир нечта уйларнинг томини учириб кетди ва дарахтларни илдизи билан қўпориб ташлади. Таъкидлаш жоизки, Арманистонда торнадолар камдан-кам содир бўлади, Широқ вилояти учун эса бу деярли ноёб ҳодиса.
29 май куни Кипр оролидаги Ларнака туманининг Кало Хорио қишлоғида аҳоли камдан-кам учрайдиган торнадога гувоҳ бўлишди.
Худди шу куни Туркиянинг Анталия провинциясидаги Газипаша шаҳрида денгизда пайдо бўлган қуюн тезда қуруқликка чиқиб, атиги беш дақиқада 70 га яқин иссиқхоналарни бутунлай вайрон қилди, баъзи уйларнинг томларини учириб кетди, кўплаб дарахтларни ва устунларни қулатди.
30 май куни Украинанинг Чернигов шаҳри осмонида улкан торнадо пайдо бўлди — ҳайрият, у ўзининг «думи» билан ерга тегмади ва шу сабабли вайронагарчиликларни келтириб чиқармади.
Мамлакатнинг шимолида торнадолар пайдо бўла бошлагани жуда хавотирли, чунки бу ҳудудларда илгари қуюнлар ҳосил бўлиши учун шароитлар деярли бўлмаган.
Умуман олганда, Европада торнадолар сонида экспоненциал ўсиш кузатиляпди. 2024 йил эса кузатувлар тарихида минтақадаги торнадолар сони бўйича рекорд йил бўлди.
Шарҳ қолдириш