Октябрь бошидан бери ёғаётган кучли ёмғирлар Таиланднинг машҳур сайёҳлик шаҳри Чиангмайда,
сўнгги ярим асрдаги энг жиддий тошқинлардан бирини келтириб чиқарди.
Таиланд провинцияларининг тўртдан бир қисмини ҳалокатли тошқинлар қамраб олди
Табиий офатларни олдини олиш ва оқибатларини юмшатиш бошқармасининг маълумотларига кўра, тошқин мамлакатнинг 76 та провинциясидан 20 тасига таъсир қилди. Дарёлардаги сув «критик» даражага кўтарилди.
Туристлар юк машиналарда меҳмонхоналардан эвакуация қилинди. Чиангмай темир йўл станцияси ёпилиши сабабли, шаҳарлараро темир йўл қатнови тўхтатилди. 2024 йилнинг 8 октябрь ҳолатига кўра, табиий офат оқибатида камида 6 киши ҳалок бўлди.
Мае Таенг дарёси ўз қирғоқларидан чиқиши сабабли, филларни қутқариш ва реабилитация қилиш марказининг қарийб 80 % сув остида қолди.
Кўнгиллилар ва ҳайвонот боғи ходимлари филларни сув босган қўриқхонадан қутқаришяпди, Таиланд
Бу қўриқхонада филлардан ташқари минглаб мушуклар, итлар, қуёнлар ва бошқа ҳайвонлар яшайди. Юзлаб кўнгиллилар ва қўриқхона ходимлари хавф остидаги ҳайвонларни кўчириш учун қайиқлардан фойдаландилар. Ҳайвонларнинг аксарияти қари, касал ёки ногирон бўлгани сабабли эвакуация ишлари мураккаблашди. Мисол учун баъзи филлар бутунлай кўр эди. Иккита филни қутқариб бўлмади, улар чўкиб кетди.
Бразилияда кетма-кет икки йилдан бери қурғоқчилик давом этяпди. Табиий офатларни мониторинг қилиш марказининг маълумотларига кўра, айни дамда мамлакат кузатувлар тарихидаги энг кучли қурғоқчиликни бошдан кечиряпди. Бразилия ҳудудининг деярли 60 % зарар кўрди.
Миллий метеорология институти (Inmet), жорий йилнинг 4 октябрь куни берган маълумотларига кўра, мамлакат пойтахти Бразилиада, ёмғир сўнгги маротаба 164 кун аввал ёғган. Бу минтақадаги энг узоқ қурғоқчилик бўйича рекорд.
Намликнинг критик даражагача пасайиши ва ҳаво ҳароратининг +35 °C дан ошиши муносабати билан пойтахтда «тўқ сариқ огоҳлантириш даражаси» эълон қилинди.
Амазонка ҳавзасида давом этаётган қурғоқчилик ва ёғингарчиликнинг камлиги, Рио-Негро дарёсидаги сув сатҳининг кескин пасайишига олиб келди. Манаус портининг маълумотларига кўра, 4 октябрь куни эрта тонгда дарё сатҳи 12,66 метрни ташкил қилган бўлиб, бу 120 йиллик (1902 йилдан бери) кузатувлар тарихидаги энг паст кўрсаткич бўлди.
Рио-Негро бўйидаги корхоналар қурғоқчиликдан хонавайрон бўлди. Кемалар ва қайиқлар қумлоқда қолиб кетди.
Солимойнс дарёсининг туби узун қумлоққа айланиб қолди. Аҳоли уйга қайтиш учун бу қумлоқ бўйлаб жазирама қуёшда соатлаб юришга мажбур.
Фуқаролик мудофааси берган маълумотларга кўра, Манакапуру муниципалитетида, Амазонас штатининг пойтахти Манаусдан тахминан 100 км юқорида, Солимойнс дарёсининг чуқурлиги атиги 3 метрни ташкил қилди. Амазонас штатидаги Табатинга муниципалитетида эса йилнинг шу даври учун дарёнинг энг паст даражаси қайд этилди.
Соҳил бўйида яшайдиган одамларнинг асосий озиқ-овқати бўлган балиқ, қуриган сув ҳавзаларидан ғойиб бўлди.
Дарёларнинг туби қумлоқларга айланди, Амазонас штати, Бразилия
Шунингдек, минтақада юзага келган ичимлик сувининг кескин танқислиги ичак инфекцияларининг кўпайишига ҳам сабаб бўляпди. Амазонас штатининг Фуқаролик мудофааси маълумотларига кўра, минтақадаги барча дарё ўзанларида сув сатҳи ушбу давр меъёридан паст. Қурғоқчилик деярли 750 000 кишига бевосита таъсир қилди, чунки улар озиқ-овқатсиз, сувсиз ва транспортсиз қолишди.
Тефе кўлининг қуриши кўплаб пушти ранг дельфинларнинг нобуд бўлишига сабаб бўлди. Мамирауа барқарор ривожланиш Институти қошидаги дельфинлар лойиҳасининг директори Мириам Мармонтельнинг сўзларига кўра, сентябрь ойининг охирида улар ҳар куни камида битта ўлик ҳайвонни топишган.
Қурғоқчилик Бразилияда мисли кўрилмаган кўламдаги ўрмон ёнғинларини ҳам келтириб чиқарди. Ёнғинлар Амазония ва Пантанал каби дунёдаги энг йирик тропик ботқоқларининг катта қисмини йўқ қилди ва яқин атрофдаги шаҳарларни қалин тутун билан қамраб олди.
Миллий космик тадқиқотлар институтининг (INPE) ҳисоботида қайд этилишича, бу йил Бразилиа шаҳридаги ўрмон ёнғинларининг сони ўтган йилларга нисбатан 269 % ошган.
Амазонканинг экологик тадқиқотлар институти директори Андре Гимарайнш содир бўлаётган воқеаларга шундай изоҳ берди: «Биз илгари ҳеч қачон тўқнашмаган вазиятдан азоб чекяпмиз». Қурғоқчилик Амазония ва унинг атрофида яшайдиган 40 миллиондан зиёд одамларга гуманитар инқирозни келтириб чиқариши мумкин. Аҳоли дарё ўзанларидан нафақат ичимлик суви ва чўмилиш суви манбаи сифатида, балки озиқ-овқат манбаи ва транспорт сифатида ҳам фойдаланади. Мутахассисларнинг прогнозлари аянчли. Табиий офатларни мониторинг қилиш Марказининг (Cemaden) маълумотларига кўра, келгуси бир неча ҳафта ичида сезиларли ёмғирлар ёғмайди ва дарёлар сатҳи пасайишни давом этади.
Амазонас штатидаги жуда катта кўчки қурғоқчиликнинг ва сув сатҳи пасайишининг яна бир кутилмаган оқибати бўлди.
Терра-Прета портида катта кўчки тушди, Манакапуру муниципалитети, Амазонас штати, Бразилия
7 октябрь куни Манакапуру муниципалитетининг Терра-Прета портида тонналаб тупроқ боғлаб қўйилган кемалар ва қайиқлар устига қулаб тушди. Манакапуру муниципалитетининг фуқаролик мудофааси берган маълумотларга кўра, камида 1 киши ҳалок бўлди ва 3 киши бедарак йўқолди. 10 киши турли жароҳатлар олди.
Отаго минтақаси тарихда биринчи бор, дарёдаги ҳаёт учун хавфли шароитлар ҳақида қизил огоҳлантириш эълон қилди. Данидин шаҳри юз йил ичидаги энг ёмғирли кунни бошдан кечирди. 2024 йилнинг 3-4 октябрь кунлари, атиги 24 соат ичида, 130,8 мм ёмғир ёғди.
40 соат ичида ёғган ёғингарчилик миқдори октябрь ойининг меъёридан 2,4 баравар ортиб кетди.
Янги Зеландиядаги кучли ёғингарчилик оқибатлари
Данидин аҳолиси уйларини сув босаётганини аянч билан кузатиб туришга мажбур бўлишди. 100 га яқин одам кечаси эвакуация қилинишга мажбур бўлди.
Кенг кўламли кўчкилар, ер чўкишлари ва вайронагарчиликлар сабабли Отаго минтақасида 130 та йўллар ва трассалар ёпилди. Баъзи ҳудудларда одамлар сувсиз ва алоқасиз қолди.
3 октябрь куни «Кратон» тайфуни Тайваннинг жануби-ғарбий қисмига келиб урди. У ўзи билан кучайганида тезлиги 162 км/соатга етадиган шамолларни ва кучли ёғингарчиликларни олиб келди.
Гаосюн шаҳри ва Пиндун округи табиий офат эпицентрига тушиб қолди.
Гаосюн йирик порт-шаҳрида шамол биноларнинг томларини учириб, инфратузилмаларни вайрон қилди. Бутун шаҳар бўйлаб 2 000 дан зиёд дарахтлар қулаб тушди.
Кучли шамол бинонинг томини учириб кетди, Тайвань ороли
Контейнер терминаллари жойлашган ҳудудлар айниқса катта зарар кўрди, — кучли шамол бутун порт бўйлаб контейнерларни сочиб, йўлларни тўсиб қўйди. Кўп йўллар қулаган дарахтлар ва вайроналар билан тўсиб қўйилгани боис, қутқарув ишлари мураккаблашди. Деярли 100 000 та хонадон электрсиз, 129 000 та хонадон сувсиз қолди.
Табиий офат натижасида икки киши ҳалок бўлди, 667 киши турли жароҳатлар олди. 10 000 дан зиёд одамлар эвакуация қилинди. Мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилди. Аҳолига ёрдам кўрсатиш учун 40 000 дан зиёд ҳарбийлар жалб қилинди.
Мутахассислар «Кратон» тайфунида учта ғалати нарсани қайд этишди. Биринчидан, қуруқликка чиқишдан аввал, у номаълум сабабларга кўра, қирғоқ яқинида бир неча кун қимирламай турди. Иккинчидан, тайфун оролнинг жануби-ғарбий қирғоғига чиқди. Бу аҳоли энг зич жойлашган ҳудудлардан бири бўлиб, улар бундай ҳодисалар билан аввал деярли тўқнашмаган. Одатда тайфунлар шарқдан келади ва у ердаги тоғларга урилиб ўз кучини қисман йўқотади. Ғарбда эса табиий офатларнинг ҳалокатли таъсирини камайтирадиган бундай ҳимоя йўқ. «Кратон» сўнгги 47 йил ичида Гаосюнга келиб урган биринчи тайфун бўлди. Учинчидан, «Кратон» бор-йўғи 4 км/соат тезлик билан жуда секин ҳаракатланди. Шу сабабли у зарар кўрган ҳудудларга катта миқдорда ёмғир ёғдиришга улгурди. Баъзи жойларда бир неча кун давомида ақл бовар қилмайдиган миқдорда ёмғир ёғди — деярли 1,7 метр.
4 октябрь куни Грециянинг Этолия-Акарнания минтақаси ва Корфу ороли «Кассандра» довулининг марказига тушиб қолди.
Кичик дарёнинг ўз қирғоқларидан чиқиши Стратос шаҳрида вайронагарчиликларни келтириб чиқарди: уйларнинг подвалларини сув босди, омборлар, корхоналар ва фермер хўжаликлари катта зарар кўрди.
Ўз қирғоқларидан чиққан дарё Стратосда вайронагарчиликларни келтириб чиқарди, Греция
Шаҳар мэри шундай деди: «катта ҳажмдаги сув цунами каби келди. Шиддатли оқим 40 йиллик зайтун дарахтлари илдизи билан қўпорди, ҳайвонларни оқизиб кетди. Бир неча дақиқада ҳамма нарса вайрон бўлди». Кучли оқим бир кишини оқизиб кетди, афсус, у ҳалок бўлди.
Бўрон тизими шимолий Италиянинг ва Ғарбий Болқоннинг баъзи ҳудудларига ҳам таъсир қилди.
4 октябрь куни Босния ва Герцеговинада кучли ёмғирлар ёғди. Мамлакатнинг марказий ва жанубий ҳудудлари сув остида қолди, кўчкилар эса бутун шаҳарларни ва қишлоқларни ташқи дунёдан узиб қўйди.
Ябланицадаги даҳшатли вайронагарчиликлар, Босния ва Герцеговина
Энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири Ябланица бўлди. У Сараево шаҳридан 70 км жануби-ғарбда жойлашган.
Сув ухлаб ётган одамларнинг уйларига қараб оқишни бошлагани сабабли,
шаҳар аҳолиси ўз уйларини тарк эта олмади. Қутқарувчилардан ташқари, аҳолига ҳарбийлар ва фуқаролик мудофааси ҳам ёрдам кўрсатди. Кўчкилар ўз йўлидаги ҳамма нарсани йўқ қилди. Бинолар тупроқ ва тошлар остида қолди, масжиднинг фақат минораси қолди. Кўчки Неретва дарёси бўйлаб ўтувчи М-17 трассасини тўсиб қўйди. Сув рельслар остидаги тупроқни ювиб кетгани боис, темир йўлнинг 200 метрлик қисми ҳавода осилиб қолди.
Тупроқ ювилиб кетгани сабабли темир йўлнинг 200 метрлик қисми ҳавода осилиб қолди, Босния ва Герцеговина
Сараеводан 20 км ғарбда жойлашган Киселяк шаҳри ҳам табиий офатдан жабр кўрди: дарё ўз қирғоқларидан чиқиб, юзлаб уйларни сув остида қолдирди. Кичик сойлар шиддатли дарёларга айланиб, ўз йўлидаги ҳамма нарсани ювиб кетди.
Маҳаллий аҳоли, ҳатто энг кекса одамлар ҳам, илгари бундай воқеаларга гувоҳ бўлишмаганини таъкидлашди. Мамлакатда содир бўлган табиий офат, 2024 йилнинг 8 октябрь ҳолатига 22 кишининг ҳаётига зомин бўлди, яна ўнлаб одамлар бедарак йўқолди.
Табиий офат қўшни Черногория ва Хорватияга ҳам таъсир қилди. 5 октябрь куни Хорватиянинг Подгора шаҳрида бир соат ичида деярли икки ойлик ёғингарчилик ёғди — 143 мм (октябрь ойининг ўртача ойлик меъёри — 79,4 мм). Тошқин оқибатида кўчалар, ҳовлилар, ертўлалар ва соҳил бўйи сув остида қолди.
АҚШнинг Флорида штатига «Хелен» тўфони келиб урганига икки ҳафта бўлмасидан («Хелен» тўфони АҚШнинг Флорида штатига 26 сентябрь келиб урган), уфқда «Милтон» тўфони пайдо бўлиб, метеорологларни даҳшатга солди.
«Милтон» тўфони 1-тоифадан энг юқори 5-тоифагача кучайишига атиги 12 соатдан сал кўпроқ вақт керак бўлди. Тўфон шамолининг тезлиги 290 км/соатга етди. Тўфон келиб уришини хавотир билан кутаётган миллионлаб одамлар эвакуация қилинди. Шаҳар хизматлари эса зудлик билан «Хелен» тўфони қолдирган ва кучли шамоллар таъсирида хавфли снарядларга айланиши мумкин бўлган вайроналарни ва қолдиқларни тозалашга киришди.
«Милтон» қирғоққа яқинлашаётганда, Флорида штатида камида 27 та торнадо юзага келди. Улар 10 октябрь ҳолатига Сент-Люси округида камида тўрт кишининг ўлимига сабаб бўлди. Юзлаб уйлар вайрон бўлди.
Флорида штатида «Милтон» тўфони келтириб чиқарган ҳалокатли торнадодан кейин уйнинг аҳволи, АҚШ
9 октябрь куни оқшомда «Милтон» 3-тоифали тўфон сифатида Сарасота округидаги Сиеста-Ки ороли яқинида Флорида қирғоғига чиқди.
У ҳаёт учун хавфли сув кўтарилишини ва тезлиги 193 км/соатга етадиган кучли шамолларни келтириб чиқарди. 3,3 миллиондан зиёд аҳоли электрсиз қолди. Баъзи туманларда электр таъминотидаги узилишлар 70 % етди.
Тўфон ўзи билан олиб келган ёғингарчилик миқдори прогнозлардан ошиб кетди — бир неча соат ичида беш ойлик ёғингарчилик меъёри ёғди.
Санкт-Петербург шаҳрида (бошқа номи Сент-Питерсберг, Флорида) кучли шамол туфайли минора крани қўшни бинонинг устига қулаб тушди. Шамол Tampa Bay Rays бейсбол жамоасининг аренаси бўлган, Tropicana Field стадионининг томини ҳам учириб кетди. Шаҳарда атиги 3 соат ичида 406,4 мм ёғингарчилик ёғди, бу ушбу минтақадаги уч ойлик меъёрдан кўп.
Флорида штатида тўфон камида 23 кишининг ўлимига сабаб бўлди. Етказилган зарар ҳали баҳоланмади.
«Милтон» тўфони ўз ортидан шаҳар кўчаларида қолдирган вайронагарчиликлар, Флорида штати, АҚШ
«Милтон» — навбатдаги оддий довул эмас, унинг аномал ва олдиндан айтиб бўлмайдиган хатти-ҳаракатлари — бу дунё узоқ вақтдан бери аҳамият бермаётган иқлим хаосининг яна бир кўриниши!
Сайёрада содир бўлаётган воқеалар — агар биз зудлик билан иқлим муаммосини ҳал қилишни бошламасак, биз бундан ҳам даҳшатли оқибатларга дуч келишимиз ҳақида огоҳлантириш.
Сиз муқаррар нарса олдида таслим бўлишга тайёрмисиз ёки уни олдини олиш учун ҳамма нарсани қиласизми?
Ушбу мақоланинг видео версиясини бу ерда кўришингиз мумкин:
Шарҳ қолдириш