Сайёрада содир бўлган иқлим офатларининг обзори, 30 октябрь - 5 ноябрь 2024 йил

4 декабр 2024
Шарҳлар

Испания

Ҳалокатли табиий офат Испанияни тарк этмай, тобора янги ҳудудларни қамраб олябди. 6 ноябрь ҳолатига табиий офатдан 217 киши ҳалок бўлди, 89 киши бедарак йўқолди. 21 400 дан зиёд уйлар ва 12 000 дан зиёд тижорат объектлари зарар кўрди. 44 000 та автомобиллар қайта таъмирлашга яроқсиз ҳолга келди.

Валенсияда уйлар, автотураргоҳлар ва пачақланиб ётган машиналарнинг уюмлари ичидан ўлган одамларнинг жасадларини қидириш ишлари давом этаётган бир вақтда, тўхтамаган кучли жала мамлакатнинг шимоли-шарқига кўчди.

30 - 31 октябрь кунлари Aрагон автоном вилоятининг Теруэль провинциясидаги Бесате муниципалитетида, сўнгги 24 йил ичидаги энг кучли ёмғир қайд этилди: у ерда 330 мм дан кўп ёғингарчилик ёғди.

1 ноябрь куни Майорка оролига бўрон келиб урди ва Кальвия муниципалитетидаги кўчалар сув остида қолди. Баъзи жойларда йўлларга кўчкилар тушди. Сьерра-де-Альфабия туманида 102 мм ёғингарчилик ёғди.

4 ноябрь куни Каталонияда кучли ёмғирлар ёғди. Барселона шаҳрида уч соат ичида деярли 150 мм ёмғир ёғди. Бу икки ойлик ёғингарчилик меъёридан кўп (ноябрь ойининг ўртача меъёри — тахминан 60 мм ёғингарчилик).

Испанияда кучли ёмғирлар, Барселонада тошқин, Испанияда тошқин

Рекорд миқдордаги ёмғирдан кейин Барселона кўчаларини сув босди, Испания

Ёмғир кучли тошқинга сабаб бўлди ва поездларнинг ҳаракатида, ҳамда бошқа транспорт хизматларининг ишида сезиларли узилишларни келтириб чиқарди. Барселона Эль-Прат аэропортида 70 та рейслар бекор қилинди, яна 17 таси бошқа аэропортларга йўналтирилди. Терминалда сув шифтлардан оқиб тушди, йўловчилар эса самолётга чиқиш учун тўпиқларигача келадиган сувдан юришга мажбур бўлишди.

Барселонада катта дўл ҳам ёғиб, фалокат оқибатларини янада кучайтирди.

Таррагона провинциясида қизил огоҳлантириш даражаси эълон қилинди. C-32 автомагистралида машиналар сув остида қолди.


Индонезия

4 ноябрь ҳолатига Индонезиянинг Флорес оролидаги Левотоби вулқонининг кучли отилиши камида 9 кишининг ўлимига сабаб бўлди, 64 киши турли жароҳатлар олди, уларнинг ярми оғир аҳволда.

Портловчи фаоллик 31 октябрь куни бошланди ва кўплаб зилзилалар билан бирга келди. Геология агентлигининг маълумотларига кўра, 1 - 2 ноябрь кунлари 138 та вулқон зилзилалари содир бўлди. 1 ноябрь куни кечга бориб вулқондан кучли лава фаввораси отилиб, фаввора устида вулқон чақмоқлари чақнади.

Левотобининг ҳалокатли отилиши 3 ноябрдан 4 ноябрга ўтар кечаси, аҳоли қаттиқ ухлаб ётган пайтда содир бўлди. Вулқоншунослик ва геологик офатларнинг оқибатларини юмшатиш маркази (PVMBG) берган маълумотларга кўра, биринчи отилиш 23:57 да, иккинчиси эса — маҳаллий вақт билан 01:27 да содир бўлган.

Қизиган тошлар, шағал ва кул кратердан 6 км масофага тарқалиб, атрофдаги қишлоқларни тонналаб вулқон чиқиндилари билан қоплади. Яқин атрофдаги 7 та қишлоқ жиддий талофат кўрди. Икки соат давомида вулқон жинсларининг парчалари уйларнинг томларини ёриб ўтиб, ёнғинларга сабаб бўлди. Одамлар ваҳимада қочишга ҳаракат қилишди.

Индонезия вулқони, Левотоби вулқонининг отилиши

Левотоби вулқони отилишининг оқибатлари, Индонезия

Вулқон денгиз сатҳидан 12 километр баландликка кул булутини улоқтирди. Флорес оролидаги 4 та аэропорт вақтинчалик ёпилди. Вулқон атрофидаги 7 км радиусда ҳар қандай фаолият тақиқланди.

Минтақада хавфнинг энг юқори даражаси жорий этилди.


Исроил

Ноябрь ойининг бошида Исроилни кучли бўронлар қамраб олди. Мамлакат шимоли тошқинлар, кўчкилар ва катта дўлдан жиддий зарар кўрди.

Кармиэль шаҳрида пинг-понг тўпи катталигидаги дўл 20 дақиқа давомида ёғиб, катта зарар етказди: қуёш панеллари ва машиналар шикастланди.

Исроилда катта дўл, Исроилда дўл машиналарга зарар етказди

Исроилнинг Кармиэль шаҳрида катта дўл ёғди

Машгав саноат зонасидаги офиснинг шифти қулаб тушди ва бинони сув босди. Нагария ва бошқа шаҳарлар ҳам тошқин билан тўқнашди.

Яҳудия чўлида жуда кўп ёғингарчилик ёғди ва Нахаль Дарга дарасига сув оқиб келишини келтириб чиқарди. Шу сабабли Эйн Геди ва Нахаль Бокек қўриқхоналари сайёҳлар учун ёпилди.


АҚШ

3 ноябрга ўтар кечаси Оклахоманинг марказий ва жанубий минтақаларида, шу жумладан Оклахома-Сити ва Ньюкаслда кучли момақалдироқ ва камида 5 та торнадо содир бўлди. 

Штатнинг 6 та туманида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Ньюкасл шаҳрида торнадо мактабнинг томини учириб кетди, Оклахома-Ситида эса машиналарни ағдариб, ўнлаб биноларни вайрон қилди. 20 000 дан зиёд аҳоли электрсиз қолди. 11 киши турли жароҳатлар олгани сабабли касалхонага ётқизилди.

Торнадо АҚШ, Оклахома-Ситида ҳалокатли торнадо

Торнадонинг оқибатлари, Оклахома-Сити, АҚШ

Эътиборлиси, кучли момақалдироқлар ва торнадолар одатда баҳор ва ёз фаслларига хос. Шунинг учун ноябрь ойида, айниқса ярим тундан кейин, кучли торнадоларнинг пайдо бўлиши, жудаям кам учрайдиган ҳолат. Тадқиқотларга кўра, тунги торнадолар кундузги торнадолардан икки баравар ҳалокатлироқ бўлади.


Россия

1 ноябрь куни «Мартина» циклони Скандинавия ярим оролидаги мамлакатларни забт этганидан сўнг, Россиянинг Калининград вилоятига келиб урди. Соҳилда тезлиги секундига 27 метрга етадиган шамол ўнлаб дарахтларни қулатди, ахлат бакларини сочиб ташлади, машиналарга зарар етказди ва бутун кварталларни электрсиз қолдирди.

Россияда Maртина циклони, Москвада кучли шамол, Москвада кучли ёмғир

Кучли шамол туфайли қулаган дарахт машиналарга зарар етказди, Калининград вилояти, Россия

Храброво аэропортида рейслар кечиктирилди. Балтийск портида барча кемаларнинг, шу жумладан паромларнинг ҳаракати бутунлай тўхтатилди.

Калининград вилоятидан сўнг циклон мамлакат ичкарисига қараб ҳаракатлана бошлади. Москвада кучли ёмғирлар, шиддатли шамоллар ва атмосфера босимининг кескин пасайиши кузатилди. 2 ноябрь куни 720,1 мм сим. уст қайд этилди ва рекорд паст кўрсаткичга яқинлашди. Внуково аэропортида 29 мм ёғингарчилик ёғди ва ноябрь меъёрининг ярмидан ошди (ноябрь учун ўртача меъёр — 53 мм).

Москва вилоятининг Лотошино ва Рузский округлари аҳолиси ижтимоий тармоқларда табиий офатнинг ҳалокатли оқибатларини акс этувчи видеолар билан бўлишишди: ҳамма жойда кўплаб синган дарахтлар, 100 метр нарига учиб кетган иккита бинонинг томлари. Буларнинг барчаси шамол жуда кучли бўлганидан далолат беради.

Мутахассислар ушбу табиий офатни микрокучайиш деб таърифлашди.

Микрокучайиш микрошквал ёки микропортлаш ҳам деб аталади.

Яқинда биз ушбу хавфли ҳодисаларнинг кўпайиши ҳақида гапириб ўтган эдик, хусусан Коста-Рикада ва Бразилияда.

1 ноябрь куни Самара ва Москва вилоятларида момақалдироқ ва катта дўл қайд этилди. Бу ушбу минтақада кеч куз учун ақл бовар қилмайдиган ҳодиса.

Тверь ва Пермь вилоятларида бўронли шамоллар ва кучли қор электр таъминотини издан чиқарди.

Екатеринбургни ва унинг атрофини қор қамраб олди, йўллар муз билан қопланди. Тезлиги секундига 28 метрга етадиган кучли шамол ҳатто катта машиналарни ҳам йўл четидаги чуқурга сидириб юборди.

Екатеринбургда қор, Россияда Мартина циклони

Кучли шамол ва музлоқ туфайли машина йўл четидаги чуқурга тушиб кетди, Екатеринбург, Россия

Псков ва Новгород вилоятларига 2 кун ичида 3 та кучли бўрон келиб урди. Энергетиклар йўлларни ва ЛЭП трассаларини ағанаган дарахтлардан тозалашди.

Европа мамлакатларида «Мартина» циклони «Якоб» бўрони деб ном олди ва Норвегия, Швеция, Финляндия, Литва, Латвия, Эстония ва Белоруссияга таъсир қилди.


Чақмоқлар

3 ноябрь куни Уганданинг шимолида ҳалокатли чақмоқ билан кучли момақалдироқ бўлди. Ламво округидаги Палабек қочоқлар лагерида бир гуруҳ одамларга чақмоқ уриши натижасида 14 киши ҳалок бўлди ва 34 киши турли жароҳатлар олди.

Худди шу куни шунга ўхшаш ҳолат Перуда ҳам содир бўлди. Уанкайо шаҳридаги «Кото-Кото» стадионида бўлиб ўтаётган футбол учрашуви пайтида кучли момақалдироқ бошланди. Футболчилар ва томошабинлар ёмғирдан панага ўтишлари учун ўйинни тўхтатишга қарор қилинди. Аммо ўйин тўхтатилганидан 10 сония ҳам ўтмасдан, футбол майдонидаги футболчилардан бирини чақмоқ урди. Футболчи шу заҳоти ҳалок бўлди, яна 7 нафар футболчилар турли жароҳатлар олди, улардан тўрттаси касалхонага ётқизилди.

футбол майдонидаги фожиа, ўйин вақтида чақмоқ урди, Перуда чақмоқ уриши

Уанкайо шаҳрининг «Кото-Кото» стадионидаги фожиа, Хунин департаменти, Перу

Ушбу воқеа маҳаллий жамоатчиликни даҳшатга солди ва ёмон об-ҳаво шароитида спорт тадбирларининг хавфсизлиги борасида саволларни юзага келтирди.


Саудия Арабистони

30 октябрдан бошлаб бир неча кун давомида, Саудия Арабистонининг чўлларида, шу жумладан Макка шаҳрида, ҳамда Аль-Джауф, Аль-Худуд-эш-Шамалия, Ар-Рияд округларида жуда катта дўл ёғди.

Дўл кучли момақалдироқлар билан бирга келиб, электр узилишларига, водийларни сув босишига ва жабрланган ҳудудларда ҳароратнинг кескин пасайишига олиб келди.

Сўнгги пайтларда мунтазам равишда бўронли дарёлар ва дўл уюмлари шаклланаётгани сабабли, ушбу минтақани энди чўл деб аташ қийин бўляпди.

чўлда дўл, кучли дўл Саудия Арабистонида

Сув босган Саудия Арабистонининг чўллари


Ироқ

31 октябрда бошланган кучли ёмғирлар Ироқни фалаж қилиб, одамларнинг одатий турмуш тарзини бутунлай ўзгартириб юборди. Боғдод фалокат эпицентрига тушиб қолди: мактаблар ва офислар ёпилди, кўчалар ва уйлар сув остида қолди. Сув уйларнинг деразаларигача кўтарилиб, аҳолини ўз уйларини тарк этишга мажбур қилди. Ижтимоий тармоқларда пастликлардаги йўллар сув остида қолганини ва сув босган кўчаларда машиналар ташлаб кетилганини акс этувчи видеолар пайдо бўлди.

Боғдоддаги тошқинлар, Ироқда кучли ёмғир

Кучли ёмғирдан кейин Боғдод кўчалари, Ироқ


Сурия

Суриянинг шимолий ва шарқий ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши натижасида водийларни сув босди ва бир нечта ҳудудларда сув сатҳи кескин кўтарилди. Бўронли шамоллар ва ёмғирлар интернет ва электр узилишларига олиб келди.

Аль-Джазира провинциясининг Аль-Хасака шаҳрида бир ярим ойлик ёғингарчилик меъёрига тенг 35 мм ёмғир ёғди (ноябрь ойининг ўртача меъёри — 20 мм).

Эр-Раккедаги уйларнинг ҳовлилари ва дўконлар сув ва лойга тўлди. Паррандалар нобуд бўлди.

Алеппо ва Идлиб шаҳарларида вазият янада хавотирли. Бу ерда кучли тошқин туфайли турар жойлар, мактаблар ва йўллар сув остида қолди. Қочоқлар лагерлари ҳам жиддий зарар кўрди.

Сурияда кучли жала ёмғири, Сурияда тошқин,  Сурияни сув босди

Комунал хизматлари тошқин оқибатларини бартараф этишяпди, Сурия


«Конг-рей» супертайфуни

31 октябрь куни «Конг-рей» супертайфуни Тайвань оролининг қирғоғига келиб уриб, Тайдун уездида қирғоққа чиқди. У ўзи билан кучайганида тезлиги 260 км/соатга етадиган кучли шамолларни ва жала ёмғирларини олиб келди.

Хуалянь уездида бир соат ичида 119,5 мм, бир суткада эса —300 мм дан кўп ёғингарчилик ёғди. Тайбэя ва бошқа шаҳарларнинг кўчалари сув остида қолди. Тайфун Тайвань бўғозида жуда катта тўлқинларни келтириб чиқарди.

Олдиндан 11 900 киши хавфли худудлардан эвакуация қилинди. «Конг-рей» 3 кишининг ҳаётига зомин бўлди, 692 киши турли жароҳатлар олди.

тайфун Конг-рей Тайвань, кучли шамол Тайвань

«Конг-рей» супертайфуни Тайвань оролига катта зарар етказди

Тайвань Иқтисодиёт департаменти маълумотларига кўра, орол бўйлаб 970 000 дан зиёд уй хўжаликлари электрсиз, 44 000 дан зиёд уйлар эса сув таъминотисиз қолди.

Тайванлик фермерлар ҳам зарар кўрди. Гуруч, саримсоқ, маккажўхори, пиёз ва «шакарли олма» деб аталадиган маҳаллий мева экинларига жуда катта зарар етди. Қишлоқ хўжалигига етказилган умумий зарар 8,86 млн долларга баҳоланди.

Оролда барча ички ва 314 та халқаро рейслар бекор қилинди. Кўп йўлларга кўчкилар тушиб, тўсиб қўйди. Циншуй қиясидан тушган тупроқ, туннелга кириш йўлини деярли бутунлай ёпиб қўйди.

тайфун Конг-рей Тайвань, кўчки Тайвань

Кўчки туннелга киришни ёпиб қўйди, Тайвань ороли

Хитой сейсмология тармоғининг маълумотларга кўра, 1 ноябрь куни соат 0:18 да Хуалянь уезди яқинида содир бўлган М4,7 зилзила туфайли, баъзи участкаларда поездларнинг ҳаракати тўхтатилди. Зилзила ўчоғи Тайвань оролидан тахминан 13 км узоқда ва 25 км чуқурда эди.

«Конг-рей» тайфуни 1996 йилдан бери Тайвань оролидаги энг йирик тайфун бўлди. Максимал шамол радиуси, яъни тайфун марказидан энг кучли шамоллар чизиғи орасидаги масофа 320 км га етди. Ўртача, катта тайфун учун бўронли шамоллар майдони 240 км дан ошиши мумкин. Бундан ташқари, Конг-рей тайфуни октябрь ойининг охирида оролга келиб урган тарихдаги биринчи шу қадар кучли тайфун бўлди.

Тайван оролидан кейин, «Конг-рей» Хитойнинг шарқий қирғоғига қараб йўл олди ва у ерда мисли кўрилмаган кучга эга ёмғирларни келтириб чиқарди. Чжэцзян провинциясида ва Шанхай шаҳрида табиий офат янги ёғингарчилик рекордларини ўрнатди.

1 ноябрь куни Чжецзян провинциясининг Линьхай станциясида бир суткада 216,3 мм (1997 йилдан бери рекорд), Шанхай шаҳрининг Пудун Хуэйнань станциясида — 242,8 мм (2006 йилдан бери рекорд) ёғингарчилик ёғди.

тайфун Конг-рей Хитой, Хитойда тошқин

«Конг-рей» супертайфуни келтириб чиқарган тошқин, Хитой

Супертайфун қолдиқлари Жанубий Корея ва Японияга ҳам кучли ёмғирларни олиб келди.

1 ноябрь куни Кореянинг Чеджудо оролидаги Халласан вулқони ҳудудида 268,5 мм ёмғир ёғиб, бутун орол бўйлаб биноларга зарар етказган тошқинларга сабаб бўлди.

Японияда кучли ёмғир туфайли Токио ва Син-Осака станциялари ўртасидаги бутун Синкансэн линиясида тезюрар поездлар ҳаракати тўхтатилди.

2 ноябрь куни мамлакатдаги 223 та метеостанцияларда ойлик ёғингарчилик рекордлари қайд этилди.

тайфун Конг-рей Япония, тошқин Япония, кучли ёмғир Япония

Рекорд ёғингарчилик кўчаларни сув босишига сабаб бўлди, Япония

Хирадо шаҳрининг, Такагоэ туманидаги Нагасаки префектурасида, дарахтлар ва тошлар йўлни тўсиб, уни ўтиб бўлмайдиган қилиб қўйди. Махаллий аҳолининг сўзларига кўра, ушбу ҳудудда авваллари ҳеч қачон кўчкилар бўлмагани сабабли одамларни қўрқитиб юборди. Баъзи минтақаларда биринчи маротаба бундай кучли ёмғирлар кузатилди.


Кундан-кунга инсоният табиатнинг кенг кўламли синовларига тайёр туриши кераклиги аён бўлиб боряпди. Гап барча одамларнинг хавфсизлиги учун жорий қилиниши керак бўлган чоралар ҳақида кетяпти.

Бутун дунё бўйлаб маълумотларни тўплайдиган офатлар мониторингининг ягона маркази керак. Ҳар бир инсон яқинлашиб келаётган таҳдид ва хавфсизлик кўрсатмалари ҳақида ўз вақтида маълумот олишини таъминлайдиган огоҳлантириш тизимлари керак. Олдиндан ташкил этилган автоном таъминотдаги эвакуацион марказлар ва илғор қутқарув технологиялари офатларнинг оқибатларини бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Аммо буларнинг барчаси амалга оширилган тақдирда ҳам, бундай фавқулодда чоралар етарли бўлмайди.

Испаниядаги фожиа каби тошқинлар бир вақтнинг ўзида дунёнинг ўнлаб мамлакатларини қамраб олганини бир тасаввур қилиб кўринг. У ҳолда инсоният, бардош бера олмайдиган улкан йўқотишларга дуч келади.

Айнан шунинг учун, катаклизмларнинг зўрайиб боришини камайтириш ва ҳатто уларни тўхтатиш учун глобал қадамлар керак. Бизда ечим излашдан бошқа йўл йўқ.

Бу ерда бизга илм-фан ёрдамга келади. Халқаро олимлар гуруҳи аллақачон иқлим инқирозини ҳал қилиш йўлини таклиф қилди ва базавий ишланмаларни амалга оширди, аммо уларнинг саъй-ҳаракатлари етарли эмас. Таҳдидга ҳақиқатдан ҳам қарши тура олиш учун, инсониятни қутқариш мақсадида бутун дунёнинг илмий салоҳиятини бирлаштириш, ҳамда энг яхши мутахассисларни ва илмий-тадқиқот муассасаларини жалб қилиш керак.

Бугунги кунда бундай Ягона илмий марказни яратиш учун сиёсий ирода бўлиши керак. Бундай ирода эса, фақатгина одамлар бу ҳақида оммавий тарзда гапира бошлаб, умумжаҳон талаб шакллантирсаларгина пайдо бўлади.

Бу иш бериш-бермаслигини биз билмаймиз, аммо токи имконият бор экан, биз ундан фойдаланамиз. Бу йўлда бирга ҳаракат қилсак, бағоятда хурсанд бўламиз.

Ушбу мақоланинг видео версиясини бу ерда кўришингиз мумкин:

Шарҳ қолдириш
БУНЁДКОР ЖАМИЯТ
Биз билан уланиш:
[email protected]
Ҳозир ҳар бир инсон ҳақиқатдан кўп нарсага қодир!
Келажак ҳар биримизнинг шахсий танловимизга боғлиқ!