Бир неча йил давомида ҳар куни иқлим билан боғлиқ ҳолатни кузатар эканмиз, биз содир бўлган воқеаларни таҳлил қилиб, маълум бир қонуниятларни аниқладик. Жорий йил авваллари деярли сезилмас даражада содир бўлган ташвишли тенденциялар, энди тобора кўпроқ ва кучлироқ намоён бўла бошлаганини кўрсатди.
Анъанавий ҳафталик обзор ўрнига, биз иқлим офатларининг янги хавфли кўринишлари ҳақида таҳлилий ҳисобот тайёрлашга қарор қилдик. Ушбу мақола учун материал тайёрлаш жараёнида, биз 2024 йил сайёрамиздаги вазият қанчалар ёмонлашганидан даҳшатга тушдик. Ҳозир сиз ҳам бунга амин бўласиз.
Глобал ҳарорат ва намлик даражасининг ошиши, торнадолар билан бирга келадиган янада кучлироқ бўронларнинг пайдо бўлишига шароит яратяпди.
Бу эса нафақат дунё бўйлаб бундай ҳодисаларнинг кўпайишига, балки уларнинг хусусиятларидаги аномалияларга ҳам олиб келяпди.
Торнадолар энг кўп учрайдиган АҚШда, 2024 йилнинг январь-ноябрь ойларида уларнинг сони 1991–2020 йиллар учун ўртача йиллик кўрсатичдан сезиларли даражада ошди ва кузатувлар тарихида иккинчи ўринни эгаллади.
1991-2020 йиллар учун ўртача йиллик кўрсаткичлар
Торнадолар содир бўлаётган кунларнинг умумий сони камайишни бошлаганига қарамай, уларнинг сони кескин ошиб боряпди. Урбана-Шампейн шаҳридаги Иллинойс университетининг Атмосфера фанлари профессори, ҳамда Ер, жамият ва атроф-муҳит мактабининг директори Роберт Трапп бу ҳодисаларни «торнадолар сонининг кўпайиши» деб таърифлади.
26-28 апрель кунлари, атиги уч кунлик шундай даврда, Техасдан Айовагача бўлган ҳудудни қамраб олган АҚШнинг марказий қисмида, EF-0 тоифасидан EF-4 тоифасигача камида 160 та торнадо содир бўлди. Натижада минглаб одамлар бошпанасиз қолди, 5 киши ҳалок бўлди ва 100 дан кўп одамлар турли жароҳатлар олди.
Қўшма Штатларида ҳалокатли торнадонинг оқибатлари
Европада сўнгги бир неча ўн йил ичида торнадоларнинг ўртача сони 18 маротабадан кўпга ошди.
Европада торнадолар сонининг кўпайиши
2024 йил ҳали ўз якунига етмасдан, бу ҳодисаларнинг сони кузатувлар тарихидаги энг максимал даражага етди.
Шу вақтнинг ўзида улар янада кучлироқ бўлиб боряпди. Мисол учун, 26 сентябрь куни Белгиядаги Валон Брабант ва Фламанд Брабант провинциялари бўйлаб F-2 тоифасига мансуб кучли торнадо ўтди. Бу эса Европа мамлакатларида камдан-кам учрайдиган ҳодиса. У дарахтларни илдизи билан қўпорди, томларни учирди ва қуёш панелларини ҳавога кўтарди.
Сал аввал, 13 июль куни Литванинг шимолида қайд этилган бир неча торнадолар қишлоқларни вайрон қилди. Уларнинг бирида шамол тезлиги секундига 60 метрга етди. Бу ҳам F-2 тоифасига тўғри келади. Мутахассисларнинг, хусусан метеоролог Гитис Валайканинг фикрича ушбу торнадо Литва тарихидаги энг кучли торнадолардан бири бўлди.
Торнадо деярли бутунлай вайрон қилган қишлоқ, Литва
Торнадолар пайдо бўлиши учун илиқ ҳаво керак, шунинг учун торнадолар фаоллигининг энг юқори чўққиси илиқ ойларга ва одатда кундузги вақтга тўғри келади. Аммо бу қоидалар энди ишламаяпди. Мана бунга бир нечта мисоллар.
3 ноябрга ўтар кечаси Оклахома штатининг марказий ва жанубий туманларига, шу жумладан Оклахома-Сити ва Ньюкасл шаҳарларига кучли момақалдироқлар ва камида 5 та торнадо келиб урди.
Тадқиқотлар тунги торнадолар кундузгиларига қараганда икки баробар ҳалокатлироқ бўлишини кўрсатди.
АҚШда илгари апрелдан октябргача давом этган торнадолар мавсуми энди деярли йўқ. 14 декабрь куни Калифорниянинг Санта-Крус округида улкан торнадо пайдо бўлди. У машиналарни йўлдан улоқтириб юбориши натижасида беш киши турли жароҳатлар олди. Калифорнияда торнадолар жуда кам содир бўлади: бу ерда йилига ўртача 11 та торнадо қайд этилади, асосан баҳорда ва кузда.
Торнадоларнинг географияси ҳам кенгайиб боряпди. Улар тобора кўпроқ илгари умуман қайд этилмаган ҳудудларда пайдо бўла бошлади.
4 июль куни Хитойнинг Шаньдун провинциясида камида 3 та торнадо қайд этилди. Ушбу торнадолар жуда тез ҳаракатланиб, томларни учирди, дарахтларни синдирди ва автомобилларни улоқтириб ташлади. 83 киши турли жароҳатлар олди, беш киши ҳалок бўлди. 2 820 та уй вайрон бўлди, деярли 25 000 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари зарар кўрди.
Шаҳарга яқинлашаётган кучли торнадо, Хитой
Фақатгина шу торнадолар сериясининг ўзи йиллик ўртача кўрсаткичдан бир неча баробар катта бўлди. Миллий иқлим марказининг маълумотларига кўра, Шаньдун провинциясида 1991 - 2020 йиллар оралиғида йилига ўртача 1,5 та торнадо содир бўлган.
Ҳиндистонда ҳам одатда торнадолар содир бўлмайди. Бу ерда ҳатто бундай ҳодисаларни расмий мониторинг қилиш тизими ҳам йўқ.
Бироқ, 31 март куни Ғарбий Бенгалия штатидаги Джалпайгури округига келиб урган торнадо шунчалар кучли бўлганидан, у осонликча биноларни вайрон қилди, енгил конструкцияларини учириб, автомобилларни ва мотоциклларни улоқтириб ташлади. Табиий офат сабабли беш киши ҳалок бўлди, тахминан 300 киши турли жароҳатлар олди.
Омон қолган одамлар торнадо вайрон қилган ҳудуддан чиқишяпди, Ҳиндистон
Россия Фанлар Академиясининг А.М. Обухов номидаги атмосфера физикаси институти (Москва) ва Пермь Давлат университети томонидан олиб борилган тадқиқотларга кўра, Россияда илгари шамол тезлиги 50 м/с дан юқори бўлган 15 тагача кучли торнадолар, ва тезлиги 70 м/с дан юқори бўлган битта энг кучли торнадо қайд этилган. Одатда бундай ҳодисалар мамлакатнинг жанубий ҳудудларида содир бўлган.
Бироқ, 2024 йил торнадолар деярли ҳеч қачон кузатилмаган шимолий ҳудудларда ҳам қайд этилди. Биргина 2024 йилнинг июнь ойида камида 13 та торнадо содир бўлди. Кўплаб ҳудудларнинг аҳолиси илк бор бундай табиий ҳодисанинг гувоҳи бўлдилар. Торнадолар Псков, Москва, Ярославль, Челябинск, Тюмень ва Омск вилоятларида юзага келди.
Аммо энг ҳайратланарли воқеалардан бири Москва вилоятининг Клин округидаги Березино қишлоғидан ўтган вайронкор торнадо бўлди.
28 сентябрь куни у қишлоқдан ўтиб, деярли барча уйларнинг томларини учириб кетди, юзлаб дарахтларни ағдарди ва алоқа минорасини мижиғланган металл уюмига айлантирди.
Москва вилоятидаги Березино қишлоғини вайрон қилган торнадо, Россия
Хавфли об-ҳаво ҳодисалари бўйича Европа маълумотлар базаси, ушбу торнадога IF3 категориясини берди.
IF3 тоифаси Кенгайтирилган Фудзит шкаласи бўйича EF3 тоифасига тўғри келади.
Бу торнадо ўзида бир неча аномалияларни мужассамлади: куз фаслида ўрта кенгликларда бундай кучга эга торнадоларнинг содир бўлиши мутлақо ғайриоддий ҳодиса.
Айрим торнадолар эса тадқиқотчиларни умуман гангитиб қўйди. 30 апрель куни АҚШнинг Оклахома штатидаги Тилмен округини қамраб олган кучли момақалдироқ, соат стрелкаси бўйлаб айланган ўта ноёб торнадони юзага келтирди. Бу эса Шимолий яримшарда одатда соат стрелкасига қарши айланадиган торнадоларга мутлақо хос эмас. Шунга қарамай, ҳатто мана шундай ғайриоддий ҳодисалар ҳам 2024 йилда истисно бўлмай қолди. 28 октябрь куни Испаниянинг Валенсия минтақасидаги гувоҳлар улкан торнадони видеога олдилар. Бу тонадо ҳам соат стрелкаси бўйлаб айланиб, ҳавога биноларнинг вайроналарини кўтарди.
Олимлар 2024 йил бутун кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлишига ишончлари комил. «Коперник» номли Европа иқлим хизматининг ҳисоботига кўра, жорий йилнинг январь ойидан ноябрь ойигача бўлган даврда, ўртача глобал ҳарорат 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 0,14 °C га юқори бўлди. Бу фарқ аҳамиятсиз кўринса ҳам, инсоният учун унинг оқибатлари ҳаддан ташқари улкан бўлди.
Мексикада эриган светофорлар ва ахлат баклари, аномал жазирама туфайли Хитойда автомобиль капотининг шишиши
Ҳароратлар барча рекордларни янгилаяпди.
20 июль куни Япониянинг Сидзуока шаҳрида +38,9 °C ҳарорат қайд этилди, бу иқлим меъёридан деярли 10 даражага юқори. Иқлим меъёри +29 °С.
Ҳиндистон метеорология бошқармаси (IMD) маълумотларига кўра, Ҳиндистонда апрель ойидаги максимал ҳароратлар + 46 °C гача кўтарилди. Одамлар аномал жазирамага чидай олмай, иш жойларида ҳушларидан кетди. Полициячилар эса махсус кондиционерли шлемлар билан таъминланди.
Ҳиндистон полицияси ходимларига кондиционерли шлемлар берилди
6 июль куни Америкадаги Ўлим Водийсида ҳарорат +53,3 °C га етди. Рекорд даражадаги жазирама сабабли вертолёт шифокорлар билан ҳавога кўтарила олмади, чунки +48,8 °C дан юқори ҳароратларда учиш хавфли. Натижада бир киши иссиқ уришидан ҳалок бўлди.
Одамлар аномал юқори ҳаво ҳароратини кўрсатаётган термометр фонида суратга тушишяпди, АҚШ
Янада хавфли томони шундаки, аномал юқори ҳароратлар тўлқинлар кўринишида келиб, улар тобора кўпроқ ва кучлироқ содир бўла бошлади.
2024 йил деярли барча мамлакатларда рекорд даражадаги иссиқлик тўлқинлари қайд этилди.
АҚШнинг Финикс шаҳрида май ойининг охиридан бошлаб 113 кун мобайнида +37,8 °С дан юқори бўлган жазирама ушланиб турди ва 1993 йил ўрнатилган 76 кунлик аввалги рекордни янгилади.
Финикс шаҳрида энг узоқ давом этган иссиқлик тўлқини, Аризона, АҚШ
Кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ёздан сўнг кузда, 24 сентябрдан 14 октябрга қадар, шаҳарни яна бир иссиқлик тўлқини қамраб олди. Финикс шаҳрида октябрь ойида авваллари ҳеч қачон +43,3 °С дан юқори ҳарорат қайд этилмаган, аммо 2024 йил ушбу ҳарорат 4 маротаба қайд этилди.
Саудия Арабистонидаги экстремал жазирама фожиа билан тугади. Макка шаҳрида ҳарорат бир неча кун давомида +40 °C дан пастга тушмади. Бу жазирама Ҳаж мавсумига тўғри келди. 16 июнь куни атиги бир кунда, 2 700 дан зиёд зиёратчилар иссиқ уришидан жабр кўрди. Одамлар кўчаларда ҳушларидан кетди. 1 300 киши вафот этди.
Шифокорлар чидаб бўлмас иссиқдан ҳушини кетган одамларга ёрдам беришяпди, Макка, Саудия Арабистони
Янги таҳдидга айланиб бораётган «тропик кечаларда», ҳарорат тунда ҳам +20 °C дан пастга тушмайди. Бу эса одамлар ва экотизимлар тикланиб олишига имкон бермайди.
Ёзда Жанубий Корея, метеокузатувлар бошланганидан бери энг узоқ давом этган тропик кечаларни бошдан кечирди. Сеулда 2024 йилнинг 22 июлидан 20 августига қадар 30 кеча давомида ҳарорат +25 °C дан пастга тушмади ва 1907 йилдан бери рекордга айланди. Пусан шаҳрида эса тропик кечалар уч ҳафтадан кўп давом этди ва 1904 йилдан бери рекордга айланди.
Ишониш қийин, аммо тропик кечалар энди ҳатто қишда ҳам қайд этиляпди.
Марокашдаги Рабат шаҳрида, 1 декабрь куни тунда термометрлар, ёз кунлари учун хос бўлган +26 °C ни кўрсатди. Ушбу шаҳарда декабрь ойи учун ўртача минимал ҳарорат +9 °С, июль ойи учун ўртача максимал ҳарорат +27 °С экани алоҳида эътиборга лойиқ.
Марокашдаги энг иссиқ қиш кечаси
16 декабрь куни эса Канар оролларидаги Пуэрто-де-ла-Крус шаҳрида тунги ҳарорат +29,6 °C га етди ва бутун кузатувлар тарихида декабрь ойида Шимолий ярим шарда қайд этилган энг иссиқ тунги рекорд бўлди.
Аномал жазирама ўрнига кескин аномал совуқ келяпди, совуқ ўрнига эса иссиқ келяпди. Йил фасллари худди ўрин алмашаётганидай.
2024 йилнинг апрель ойида европаликлар энг кескин ҳарорат сакрашларидан бирини бошдан кечирдилар.
2024 йилнинг апрель ойида Европа мамлакатларида ҳароратнинг ўзгаришини акс этадиган харита
Словенияда, Подчетртек муниципалитетида бир суткада ҳарорат 26 даражадан кўпга тушиб кетди. 15 апрелдаги +27,2 °C дан, 16 апрелдаги +1,0 °C гача.
Австриядаги Филлах шаҳрида эса, 14-16 апрель кунлари атиги икки кунда ёзга хос бўлган +30,9 °C ҳарорат +0,4 °C га тушди.
Кўплаб Европа давлатларида апрель ойидаги ҳарорат ёзнинг ўртасидаги ҳароратдан ҳам илиқроқ бўлди, аммо кейин кескин совуқ тушди. Ушбу ҳарорат сакрашлари қишлоқ хўжалигига катта зарар етказди.
Польшада рапс ва қулупнай далаларини совуқ уриб кетди. Заверци туманида 23 апрель куни эрталаб термометрлар -7 °C кўрсатди.
Францияда минглаб гектар мевали боғлар ва узумзорлар совуқдан нобуд бўлди. Йўқотишлар ўртача 77% ни ташкил этди, ҳосилнинг бир қисми атиги икки кечада йўқ бўлди.
Совуқ уриб кетган боғлар, Франция
Май ойининг бошларида Россиянинг Европа қисмини об-ҳаво хаоси қамраб олди: биринчи ўн кун бутун кузатувлар тарихидаги энг совуқ кунлар бўлди. 20 та минтақада кучли қор ёғди. Ушбу вақт учун ноёб қор қоплами Шимолий-Ғарбда, Марказий Россияда, Шимолий Кавказда, Поволжьеда, Уралда, ҳамда Ғарбий ва Марказий Сибирда юзага келди. Айрим жойларда эса ҳарорат иқлим меъёридан 8–10 °C га паст бўлган -10°C гача тушиб кетди.
Ҳатто жанубдаги Краснодар ўлкасида ҳам 30 даражали иссиқдан кейин қор ёғди. У Россиянинг Марказий қисмига, Поволжьега, Жанубий ва Шимолий Кавказга ҳам таъсир қилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотларига кўра аномал совуқлар ва қорлар 41 та минтақадаги ҳосилга катта зарар етказди. 1 миллион гектардан зиёд экинлар нобуд бўлди.
Совуқ об-ҳаво ҳам тўлқинлар кўринишида келди. Июль ойида Аргентинада аномал паст ҳарорат таъсир қилмаган бирор бир ҳудуд қолмади. 6 июль куни Буэнос-Айресда ўртача минимал ҳарорат +9°C бўлишига қарамай, ҳарорат -5°C га тушди. Айрим ҳудудларда ҳарорат -17°C гача тушди.
Буэнос-Айрес, Ла-Пампа, жанубий Литораль, Кордова ва Мендоза провинцияларидаги сув ҳавзалари музлаб қолди. Ўрдаклар кўлларда музлаб қолди, қўйлар эса чуқур қор тузоғида қолиб кетди. Жабр кўрган ҳудудлардаги одамларга ва жониворларга озиқ-овқатни етказиб бериш учун ҳарбийлар жалб қилинди.
Аномал совуқдан ўрдаклар муз билан қопланган сув ҳавзаларида музлаб қолди, Аргентина
Биз парадоксал ҳолатни кузатяпмиз: ёғингарчилик миқдори ортиб бораётганига қарамай, қурғоқчилик ҳам кучайиб борябди.
Африка жанубини сўнгги 100 йил ичидаги энг кучли қурғоқчилик қамрам олди. Миллий офат ҳолати эълон қилинган Лесото, Малави, Намибия, Замбия ва Зимбабве каби мамлакатлар жиддий озиқ-овқат инқирозига дуч келдилар.
Африка жанубида қурғоқчилик
Замбияда 1 миллион гектардан зиёд экинлар нобуд бўлди, бу эса озиқ-овқат танқислигига олиб келди.
2024 йилнинг август ойига келиб, Малавининг 28 та округидан 23 тасида аҳоли омон қолиши учун шошилинч озиқ-овқат ёрдами керак бўлди.
Айрим мамлакатларда одамларни боқиш учун ёввойи ҳайвонларни, шу жумладан филларни отиш бўйича кампаниялар бошланди. БМТ маълумотларига кўра, қурғоқчилик Замбиядаги 70%, Зимбабведаги 80% ҳосилни йўқ қилди.
Италиянинг асосий дон етиштирувчи ҳудудларидан бири бўлган Сицилия ороли, 2024 йил сув етишмовчилиги ва жазирама туфайли ем-хашак ишлаб чиқаришни 70 % га қисқартирди (Италия фермерларининг асосий уюшмаси Coldiretti маълумотларига кўра).
Сицилия оролида кучли қурғоқчилик оқибатлари, Италия
Грецияда зайтун ҳосилини сақлаб қолиш учун кўп фермерлар юк машиналарида сув олиб келишга мажбур бўлишди.
Венгрияда қурғоқчиликдан кўрилган зарар миқдори 1,5 миллиард доллардан ошди.
Қурғоқчилик авваллари деярли кузатималган ҳудудларда ҳам тобора кўпроқ қайд этиляпди.
Бразилия кетма-кет икки йилдан бери кузатувлар тарихидаги энг кучли қурғоқчиликни бошдан кечиряпди. Табиий офатларни мониторинг қилиш Маркази берган маълумотларга кўра, ушбу қурғоқчилик 1950 йилдан бери энг кучли қурғоқчилик экан. Мамлакатнинг деярли 60 % ҳудуди зарар кўрди, дарёлар эса сезиларли даражада саёзлашиб қолди. Мамлакат пойтахти Бразилиада 167 кун давомида ёмғир ёғмади. 2024 йилнинг 8 октябрь куни Inmet берган маълумотларга кўра, бу энг узоқ давом этган қурғоқчилик бўйича рекорд бўлди.
Кучли қурғоқчилик сув ҳавзасини қуритди, Бразилия
Октябрь ойида Амазонканинг энг катта ирмоқлари бўлган Солимойнс ва Риу-Негру дарёларидаги сув сатҳи 1902 йилда бошланганидан кузатувлар тарихидаги энг паст даражага етди. Қайиқлар дарёлардан ўта олмади, одамлар эса уйга етиб олиш учун соатлаб жазирама қуёшда пиёда юришга мажбур бўлишди. Маҳаллий аҳолининг асосий озиқ-овқати бўлган балиқ қолмади, ичимлик сувининг танқислиги эса ўткир ичак инфекцияларининг кўпайишига олиб келди. 750 000 га яқин одам озиқ-овқатсиз, сувсиз ва транспортсиз қолди.
NASA GRACE ва GRACE-FO сунъий йўлдошлари 2014 йилдан бери чучук сувнинг глобал захиралари қисқариб бораётганини қайд этяпди. Бугунги кунда ушбу кўрсаткич критик паст даражада.
Бутун дунё бўйлаб 402 та дарё ҳавзаларида дарё оқими камайиб, 107 500 000 кишига таъсир қилди. 364 та дарё ҳавзаларида эса кўллар шиддат билан саёзлашиб ёки қуриб боряпди.
Турли мамлакатларда қуриб қолган ёки саёзлашиб бораётган дарёлар
Тарихий қурғоқчилик Испаниядаги энг муҳим Сау сув омборини буткул қуритди. 2024 йилнинг ёзида Грециядаги Салоникидан 30 км узоқда жойлашган Като Схолари кўли деярли одамларнинг кўз ўнгида қуриб қолди.
Грециянинг шимолидаги ноёб ички карбонатли гипер даражада шўр Пикролимни кўлининг ўрнида эса фақат ёрилган қуруқ ер қолди.
Грециядаги ноёб гипер даражада шўр Пикролимни кўли энди йўқ
Сентябрь ойида Эквадордаги қурғоқчилик энергетика инқирозини келтириб чиқарди. Сув омборларида сув сатҳининг пасайиши мамлакатда электр қувватининг асосий манбаи бўлган гидроэлектрэнергия ишлаб чиқаришни кескин қисқартирди. Натижада, электр энергия таъминотидаги ҳар кунги ўчирилишлар 14 соатгача узайтирилиб, катта иқтисодий йўқотишларга олиб келди. Кўп корхоналар ёпилишга мажбур бўлди.
U.S. Drought Monitor маълумотларига кўра 2024 йилнинг октябрь ойида ғайриоддий қуруқ об-ҳаво АҚШ ҳудудининг ярмидан кўпини қамраб олди ва аҳолининг 78 % (242 млн кишига) таъсир қилди. Бу 25 йиллик кузатувлар тарихидаги рекордга айланди. Июнь ойидан октябрь ойига қадар қурғоқчилик қамраб олган майдон кескин 12 % дан 54 % гача катталашди.
Океан ва атмосфера тадқиқотларининг Миллий бошқармаси (NOAA) мутахассислари бундай шиддатли жараённи «тўсатдан юзага келадиган қурғоқчилик» деб аташади.
Бундай ҳодиса бир неча ҳафта ёки бир неча ой ичида шиддат билан ривожланади, прогноз қилиб бўлмайди ва жуда оғир оқибатларга олиб келади.
Қурғоқчилик ва иссиқлик тўлқинлари табиий ёнғинлар хавфини сезиларли даражада оширади, ҳатто улар илгари деярли учрамаган ҳудудларда ҳам.
Рорайма Бразилиянинг энг шимолий штати бўлиб, ўрмон ёнғинларининг юзага келишига тўсқинлик қиладиган ўзининг тропик ўрмонлари ва нам иқлими билан машҳур. Аммо 2024 йилнинг февраль ойида бу ерда 2 057 та фаол ёнғинлар қайд этилиб, бу кўрсаткич ушбу ойнинг ўртача кўрсаткичидан беш баробар юқори бўлди.
Май ва июнь ойларида сайёрадаги энг катта тропик ботқоқлар ҳудуди бўлган Пантаналда ёнғинлар майдони ўтган йилга нисбатан 10 баробар ошди. Ёнғинлар экотизимга катта зарар етказиб, 1,5 миллион гектар майдонни йўқ қилди, айниқса Боливияда ва Парагвайда.
Пантаналда ёниб кул бўлган ботқоқли ҳудуд
Ёнғинлар мавсуми энди йўқ: ёнғинлар йилнинг исталган вақтида бошланиши мумкин.
Канадада биринчи жиддий ёнғинлар март ойининг ўзидаёқ бошланди. Бунга ўтган мавсумдан бери қор остида чўғ олиб ётган зомби ёнғинлар сабаб бўлди. Қишда уларнинг сони мисли кўрилмаган даражада кўп бўлди — 149 та. Май ойида Британия Колумбиясида ёнғин туфайли минглаб одамларни эвакуация қилишга тўғри келди.
АҚШда ўрмон ёнғинлари мавсуми одатда июндан сентябргача давом этади. Бироқ, 2024 йилнинг февраль ойидаёқ деярли 568 000 гектар майдон ёниб йўқ бўлди — бу мамлакат тарихида февраль ойида қайд этилган рекорд бўлди.
Илгари ёнғинлар асосан одамлар яшамайдиган табиий ҳудудларда юзага келган, аммо ўчириш қийин бўлгани сабабли, ёнғинлар тобора кўпроқ шаҳарларга ўта бошлади.
11 август куни Грециядаги Варнавас шаҳарчаси яқинида табиий ёнғин юзага келиб, тезда аҳоли яшайдиган ҳудудни қамраб олди. 25 метр баландликдаги олов уйларни, автомобилларни ва корхоналарни йўқ қилди. Бир киши ҳалок бўлди. Кучли шамол таъсирида ёнғин назорат остидан чиқиб, шиддат билан Афинага яқинлаша бошлади. Пойтахтнинг атрофидаги туманлардан минглаб одамлар эвакуация қилинди.
Ёнғин Греция атрофини вайрон қилди
2024 йилнинг 15 август куни бошланган табиий ёнғиндан Туркиянинг учинчи йирик шаҳри бўлган Измир ва унинг атрофидаги вилоятлар жиддий зарар кўрди.
Ёнаётган Измир шаҳри, Туркия
Аланга жуда тез шаҳарнинг энг ривожланган ва аҳолиси зич жойлашган туманларидан бирига ўтиб, тарқала бошлади. У 24 соат давом этиб, уйларга ва саноат зоналаридаги ўнлаб дўконларга зарар етказди. Ёнғин натижасида 78 киши жабр кўрди, улардан 29 нафари касалхонага ётқизилди.
Ўрмон ёнғинлари ҳам кенгайиб, ҳам кучайиб боряпди.
Кўпчилик ёнғинларнинг кўпайишини уларнинг сонига қараб баҳолайди, аммо сўнгги йиллар, айниқса 2024 йил, парадоксал ҳолатни намоён қилди: ёнғинлар сони деярли ўзгаришсиз қолишига қарамай, олов тарқалаётган ҳудудлар анча катталашди.
Бунга ёрқин мисол қилиб АҚШни келтириш мумкин. У ерда январь ойидан 13 декабрь кунигача 54 769 та ёнғинлар содир бўлди, бу сўнгги 10 йиллик (2014 - 2023 йиллар) ўртача кўрсаткчидан деярли 2 500 тага кам. Бироқ ёниб кул бўлган ҳудуд ўртача кўрсаткичдан 683 000 гектарга кўп бўлиб, 3 439 121 гектарни ташкил этди.
26 февраль куни Техасда бошланган Smokehouse Creek ёнғини, штат тарихидаги энг катта ёнғинга айланди. У ўз йўлидаги ҳамма нарсани рекорд даражадаги тезлик билан йўқ қилди — ҳар сонияда иккита футбол майдонига тенг ҳудуд ёниб кул бўлди. Бир неча кун ичида ҳатто космосдан ҳам кўриш мумкин бўлган деярли 405 000 гектар майдон ёниб кетди.
Техас штатида катта тезликда тарқалаётган ёнғин, АҚШ
Ўрмон ёнғинлари шунчалар кучли бўлиб бораётганидан, улар ҳатто ўзлари иқлим шароитларини ярата бошлади.
2024 йилнинг сентябрь ойида Жанубий Калифорниядаги Line Fire ёнғини юзлаб гектар ерни қамраб олиб, «ўтли булутлар» деб номланадиган ўзига хос булутлар турини ҳосил қилди.
Пирокумулятив булутлар — ёнғин ёки вулқон фаоллиги сабабли юзага келадиган конвектив (тўп-тўп ёмғирли) булутлар. Улар момақалдироқ булутларига ўхшаб шаклланади: ёнғиндан ҳосил бўлган иссиқлик, юқорига қараб кўтарилишни бошлайдиган иссиқ ҳаво оқимини яратади, сув буғлари эса тутун заррачаларида конденсацияланиб, булутларни шакллантиради.
Line Fire кучли шамоллар ва 3 500 дан кўп чақмоқлар билан ҳақиқий момақалдироққа айланди. Бу ёнғинни янада кучайтирди ва унга қарши курашни сезиларли даражада қийинлаштирди.
Ёнғинларни ўчириш қийинлашиб бораётганининг яна бир сабаби — бу дегазация. Бу сўнгги йилларда сайёрамиз қаърининг фаоллашиши сабабли ер остидан ёнувчан газларнинг чиқиш жараёни. Бундай ёнғинлар кўпинча ер қатламидаги ёриқлар бўйлаб пайдо бўлади.
2024 йил ўрмон ёнғинлари бутун дунё бўйлаб бошқа ҳудудларни ҳам қамраб олди.
Жанубий Европа ўз тарихидаги энг оғир ёнғин мавсумини бошдан кечирди.
Август ойида Африканинг бир нечта мамлакатларида, айниқса Ангола ва Конга Демократик Республикасида, ёнғинлар майдони кескин кўпайди. Атиги бир ҳафта ичида тахминан 22 миллион гектар ер ёниб кетди, бу бутун дунё бўйлаб умумий ўрмон ёнғинлари майдонининг тахминан 80 % ни ташкил этди.
Ўрмон ёнғинлари 2012 - 2024 йиллар мобайнида дунё бўйлаб ҳар ҳафта йўқ қилган майдон
2024 йилнинг тўққиз ойида Россиянинг Забайкалье ўлкасидаги ёнғинлар майдони сўнгги 15 йиллик рекордга айланди. Ёнғин 2,5 млн гектар майдонни йўқ қилди.
Табиий ёнғинларнинг зўрайиши октябрь ва ноябрь ойларида Австралиянинг шимолида ҳам кузатилди.
2024 йил офатлар юз минглаб рекордларни ўрнатди, аммо бу рекордлар билан фахрланиб бўлмайди. Бу бизнинг келажагимизни шиддат билан вайрон қилаётган экстремал офатлар занжири. Табиат ҳодисаларидаги ҳатто кичик аномалия ҳам миллиардлаб одамлар учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Агар биз ҳамма нарсага кўз юмишни давом этсак, эртага улар ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди.
Ҳар бир видеода биз юзага келган вазиятдан чиқиш йўлларини кўрсатяпмиз ва ҳар биримиз ушбу воқеаларга қандай таъсир қила олишимизни тушунтиряпмиз. Ва биз буни такрорлашдан чарчамаймиз. Агар сиз ўзингизнинг ва яқинларингизнинг ҳаётини қадрласангиз, содир бўлаётган воқеаларни инкор этмаслигингиз керак. «Глобал инқироз. Масъулият» Халқаро форумини томоша қилиб, сиз вазиятни чуқурроқ тушунишингиз ва бугуннинг ўзида нималар қилишингиз кераклигини англашингиз мумкин.
Ўз ҳаётимизни ҳимоя қилиш фақат ўзимизнинг қўлимизда. Биз хоҳлаймизми ёки хоҳламаймизми, лекин масъулият ҳар биримизнинг зиммамизда.
Ушбу мақоланинг видео версиясини бу ерда кўришингиз мумкин:
Шарҳ қолдириш