24 май куни эрта тонгда Папуа-Янги Гвинея шимолидаги Энга провинциясидаги Ямбали қишлоғини улкан вайронкор кўчки харобага айлантирди.
Ўша пайтда ухлаб ётган аҳоли, тонналаб тупроқ ва вайроналар остида тириклайин кўмилиб қолишди.
Кўчки қарийб 9 гектар майдонни қамраб олди
― бу 12 та футбол майдонига тенг.
Энга провинциясида улкан кўчки, Папуа-Янги Гвинея
Кўчки оқибатида ҳалок бўлганларнинг сони бўйича маълумотлар бир-биридан фарқ қилади. БМТ маълумотларига кўра, қурбонларнинг сони 670 киши атрофида, Папуа-Янги Гвинея ҳукуматининг ҳисоботига кўра эса ― 2000 дан зиёд одам ҳалок бўлган.
Кўчки провинциянинг асосий автомобиль йўлининг 200 метрлик қисмини, баландлиги 8 метргача бўлган тупроқ ва тошлар массаси билан тўсиб қўйди. Қишлоққа фақат вертолётда етиб бориш мумкин бўлиб қолди, бу эса ёрдам кўрсатишда ва юк етказиб беришда жиддий қийинчиликларни юзага келтирди.
Ҳолок бўлган яқинларини қидиришда одамлар белкураклар ва таёқлар билан вайроналарни тозалашди. Икки кундан кейин маҳаллий қурувчи етказиб берган экскаватор биринчи қазиш техникаси бўлди.
Маҳаллий аҳоли одамларни қидириб, вайроналарни қазишяпди, Энга провинцияси, Папуа-Янги Гвинея
Тўхтамаётган ёмғирлар ва тупроқнинг беқарорлиги бошқа ҳудудларга ва қишлоқларга таъсир қилиши мумкин бўлган янги кўчкилар хавфини туғдиряпди. Ҳалок бўлганлар жасадининг чириши эса, ифлосланган сув билан биргаликда инфекциялар ва касалликларнинг тарқалишига олиб келиши мумкин. Шу сабаблардан келиб чиқиб, ҳозирнинг ўзида 7 900 нафар аҳоли кўчки яқинидаги қишлоқларни тарк этишга мажбур бўлди. Яна минглаб одамларга эса эвакуацияга тайёр туриш буюрилди.
Сўнгги бир неча ой ичида Папуа ― Янги Гвинея аҳолиси катта кўчкини келтириб чиқиши мумкин бўлган бир қатор зилзилалардан ва тошқинлардан азият чекди.
Кўчки содир бўлган ҳудуднинг оғир шароитлари, жумладан, телекоммуникацияларнинг йўқлиги, қишлоқнинг узоқда жойлашгани ва бутун провинция бўйлаб қабилалараро урушлар туфайли офатнинг ҳақиқий кўламини аниқлаш жуда қийин.
Риу-Гранди-ду-Сул штатида бир ойдан бери мисли кўрилмаган тошқинлар давом этяпди. Апрель ойининг охиридан бери табиий офат 169 кишининг ҳаётига зомин бўлди, 45 киши бедарак йўқолди.
580 мингдан зиёд одамлар ҳалигача уйсиз қоляпди.
Тўхтамаётган тошқинлар, Риу-Гранди-ду-Сул штати, Бразилия
Штатнинг катта қисмини қамраб олган совуқлар аҳолининг оғир ҳолатини даҳшатга айлантирди, чунки минглаб одамлар вақтинчалик лагерларда ва катта йўл бўйида қўйилган машиналарда яшаяпдилар.
Штатнинг кўплаб шаҳарларида
25 май куни жорий йилнинг энг совуқ куни бўлди ―
минимал ҳарорат 5°C атрофида ёки ундан паст бўлди.
Тошқин оқибатида уйсиз қолган одамлар йўл четидаги чодирларда яшаяпди, Риу-Гранди-ду-Сул штати, Бразилия
Табиий офатдан кўрилган зарар кўлами жуда катта: тошқин Риу-Гранди-ду-Сул штатининг 497 та муниципалитетидан 469 тасига таъсир қилди. Губернатор Эдуардо Лейте маълум қилишича, зарар кўрган ҳудудларни қайта тиклашга олти ойдан бир йилгача вақт керак бўлади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қайта-тиклаш ишларининг қиймати 3,64 миллиард долларни ташкил этади.
Штат пойтахти Порту-Алегрида 30 кун ичида 664 мм ёғингарчилик ёғди, бу ўртача йиллик ёғингарчиликнинг 44% ни ташкил қилади (ўртача йиллик меъёр – 1 494,6 мм). MetSul Meteorologia маълумотларига кўра, 2024 йилнинг май ойи Порту-Алегрида об-ҳавони кузатиш тарихидаги энг ёмғирли ой бўлди.
Бутун шаҳар бўйлаб сув босган транспорт воситаларининг «қабристонлари» юзага келди. Салгаду Филью маҳаллий аэропорти уч ҳафтадан бери сув остида ва ўз фаолиятини қайта тиклаши ҳақида ҳеч қандай прогнозлар йўқ.
Сув босган машиналарнинг «қабристонлари», Риу-Гранди-ду-Сул штати, Бразилия
27 май куни штатга тропик бўлмаган циклон келиб урди ва Порту-Алегри кўчалари яна сув остида қолди. Сув босган шаҳарнинг турли ҳудудларида, кўчаларда ва ҳатто уйларда пиранялар, илонлар ва аллигаторлар пайдо бўлди.
22 май куни Мексиканинг Нуэво-Леон штатининг Сан-Педро-Гарса-Гарсия шаҳридаги сайловолди митинги чоғида саҳна иншоати қулаб тушди. Натижада 9 киши ҳалок бўлди, яна 70 киши турли тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилди. Фожианинг сабаби кучли шамол бўлди.
Сайловолди митинг вақтида кучли шамолдан қулаб тушган саҳна, Сан-Педро-Гарса-Гарсия шаҳри, Мексика
Эртасига, 23 май куни Мехико штатининг пойтахти Толука шаҳрига торнадо келди. Торнадо икки кишининг ҳаётига зомин бўлди. Улар ёмғирдан пана излаётганларида, устиларига панжара қулаб тушди. Мана шу панжара бошқа одамнинг машинасини ҳам босиб қолганига қарамай, у тасодифан омон қолди. Торнадо уйларнинг томларини учириб, аҳолини ёмғир ва дўлдан ҳимоясиз қолдирди. Шунингдек, у катта дарахтларни ағдариб, телефон ва ёруғлик устунларига зарар етказди, томларни қўпориб, катта сув резервуарларини улоқтириб юборди.
24 май куни Пуэбла штатининг пойтахтида кучли момақалдироқ билан ёмғир ва дўл ёғди. Бўрон давом этган бир ярим соат ичида шаҳар кўчалари қалин муз қатлами билан қопланди.
Баъзи ҳудудларда
дўлнинг баландлиги ярим метрга етди.
Пуэбла кўчаларида дўл уюмлари, Мексика
Бўрон корхоналар ва турар-жой биноларига жиддий зарар етказди, шунингдек электр таъминотида узилишларни юзага келтирди. Кучли шамол дарахтлар ва реклама тахталарини ағдарди, дўл эса дераза ва ойналарни синдирди.
Мамлакатда ёмғир, кучли шамол, дўл ва торнадоларни келтириб чиқарган аномал кучли конвектив бўронларнинг сабаби экстремал иссиқ ҳароратлар бўлди. Бу март ойининг ўрталаридан бери Мексикадаги учинчи иссиқлик тўлқини. Йил бошидан буён 48 киши аномал жазираманинг қурбони бўлди.
Мамлакатнинг 19 та штатида ҳаво ҳарорати 45°C дан ошди. Оахакеда эса 26 май куни қайд этилган рекорд 48°C штат тарихидаги энг иссиқ кун бўлди.
Ҳатто ёввойи ҳайвонлар ҳам бундай иссиқликка чидай олмаяпди.
Ёввойи ҳайвонлар иссиқдан ўляпди, Мексика
Маҳаллий аҳоли бойўғли, тўтиқуш ва олмахонларнинг ўлими ҳақида хабар беришди. Табаско ва Чьяпаса штатларида йўқолиб кетиш хавфи остида турган йиғлоқи маймунлар дарахтлардан ўлик ҳолда қулашяпди. Табаско фуқароларни муҳофаза қилиш институти (IPCET) ҳайвонларнинг ўлимига сабаб юқори ҳарорат туфайли сувсизланиш экани ҳақида хабар берди.
25 майдан бошлаб Америка Қўшма Штатларининг марказий қисмида экстремал об-ҳаво авжига чиқди: торнадолар, катта дўл ва кучли шамоллар кенг кўламли вайронагарчиликларга сабаб бўлди ва камида 23 кишининг ҳаётига зомин бўлди.
Техаснинг шимоли жиддий зарар кўрди.
Штатнинг тўртта округида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.
Кук округига
тезлиги соатига 217 км шамол билан келган EF-2 торнадоси
етти кишининг, шу жумладан, тўрт нафар болаларнинг ҳаётига зомин бўлди. 100 дан зиёд одамлар жароҳат олди. 320 та дан кўп уйлар ва биноларга зарар кўрди.
Ушбу торнадо
Техасда 2015 йилдан бери кузатилган энг ҳалокатли торнадо бўлди.
Торнадодан кейин уйларнинг аҳволи, Техас штати, АҚШ
Дентон округида торнадо уйларни ва электр узатиш линияларини вайрон қилди, Рей Робертс кўлидаги яхталар тураргоҳига ва автофургонларга жиддий зарар етказди. Ёнилғи қуйиш шохобчасида табиий офатдан сақланаётган 100 дан зиёд одамлар торнадо вақтида кўплаб жароҳатлар олишди.
Оклахома штатидаги Майс округига янада ҳалокатли EF-3 торнадоси келиб урди. Натижада икки киши ҳалок бўлди, яна бир неча киши жароҳат олди.
Арканзас штатида камида 5 та торнадо қайд этилди. У камида 8 кишининг ҳаётига зомин бўлди.
Арканзас штатидаги ҳалокатли торнадонинг оқибатлари, АҚШ
Кентуккида табиий офат оқибатида 5 киши ҳалок бўлди. Чарльстон шаҳри жиддий зарар кўрди. Ҳаводан олинган суратларда уйдан қолган вайроналар устида ётган машиналарни кўриш мумкин. Душанба куни штатдаги 200 000 дан зиёд истеъмолчилар ҳали ҳам электр таъминотисиз бўлишган.
Миссури штатида 10 см дан катта дўл ёғди. Сент-Луис шаҳрида бўронли шамоллар кўтарилгани қайд этилди. Алабама штатига бўронлар катта дўлни ва тезлиги секундига 35 метрга етадиган шамолларни олиб келди. Уйнинг устига дарахт қулаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бўрон Иллинойс ва Индиана штатларига ҳам таъсир кўрсатди.
Миллий об-ҳаво хизмати бир неча кун давомида
беш маротаба огоҳлантириш эълон қилди: бундай огоҳлантириш фақат торнадо билан боғлиқ вазиятлардагина, яъни камдан-кам эълон қилинади:
бири — Техасда ва тўрттаси — Кентуккида.
АҚШда кучли торнадолар ўтганидан кейин кенг кўламли вайронагарчиликлар
Торнадо билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар, — бу энг жиддий огоҳлантириш бўлиб, фақат ҳалокатли вайронагарчиликлар ва одамларнинг ҳалок бўлиш хавфи юзага келгандагина берилади.
Ҳаммаси бўлиб 2024 йилнинг 5 ойида 14 та шундай вазият кузатилди. Бу аввал бутун йил давомида содир бўлган ҳолатлардан кўп (ўртача 12 та ҳолат).
25 май куни шимолий Арманистон табиий офатлар ҳужуми остида қолди. Минтақани кучли ёмғирлар қамраб олди — бир ойлик ёғингарчилик меъёри ёғди. Ёмғирлар натижасида Дебед, Агстев ва Ташир дарёлари ўз қирғоқларидан тошиб кетди, бу эса Лори ва Тавуш вилоятларида 1970 йилдан бери энг кучли тошқинларни юзага келтирди.
Арманистонда 1970 йилдан бери энг кучли тошқин
Арманистондаги табиий офат 4 кишининг ҳаётига зомин бўлди, 400 дан зиёд одамлар эвакуация қилинди.
Табиий офат Лори минтақасига жуда катта зарба берди. Алаверди шаҳри энг катта зарар кўрганлардан бири бўлди. Дебед дарёсининг қирғоқбўйи ҳудудлари фалокат зонасида қолди: уйлар, дўконлар, дорихоналар, банк филиаллари ва йўллар сув остида қолди.
Дўконлар ва офис бинолари сув остида, Арманистон
Маҳаллий аҳоли газ, электр ва ичимлик суви таъминотисиз қолди. Алоқа ва интернет узилишлар билан ишлади. Шаҳарнинг айрим қисмларини боғловчи кўприклар қулаб тушди, 200 га яқин аҳоли шаҳарнинг қолган қисмидан узилиб қолди. Алавердидаги газ қуйиш шохобчасида қисқа туташув туфайли портлаш содир бўлди.
Арманистоннинг 40 та шаҳарлари ва қишлоқлари тошқин туфайли расман фалокат ҳудуди деб эълон қилинди. Баъзи жойларда сув биноларнинг иккинчи қаватига етгани сабабли, одамлар ўз уйларини тарк эта олмадилар.
Табиий офат туфайли 18 та кўприк вайрон бўлди ва 7 та аҳоли пунктлари минтақанинг қолган қисмидан узилиб қолди. Мисол учун, Чочкан қишлоғига олиб кирадиган кўприк ҳам, олиб чиқадиган кўприк ҳам қулаб тушди.
Қувурни сув босиши натижасида мамлакат шимолидаги 16 та қишлоқларда ва шаҳарларда сув таъминоти ўчирилди.
Темир йўл алоқалари ҳам издан чиқди. Узунлиги 2,5 километр бўлган участкалар жиддий шикастланди. Ереван — Тбилиси автомобиль йўлининг Айрум ва Ахтала станциялари ўртасида кўчки содир бўлди. Грузия пойтахтидан қўзғалган Тбилиси-Ереван поезди Арманистон чегарасида тошқин эпицентрига тушиб қолди. Поезд тахминан 12 соат давомида сув қуршовида, ҳеч қандай алоқасиз ва электр таъминотисиз қолиб кетди. Йўловчилар эвакуация қилинди.
Кўприкларни ва йўлларни кучли сув оқими ювиб кетди, Арманистон
Арманистонни Грузия билан боғлайдиган М6 давлатлараро трассасининг 43 та участкаси вайрон бўлди. Улардан бештасида йўл бутунлай ювилиб кетди.
Табиий офатдан қўшни Грузия аҳолиси ҳам жабр кўрди.
24 май куни Италиянинг Турин шаҳрига жала ёмғири ва дўл билан кучли бўрон келди. Бир соатдан камроқ вақт ичида 62 мм ёмғир ёғди, ҳарорат эса 12°C гача тушиб кетди. По дарёсининг чап ирмоғи бўлган Дора-Рипариянинг сатҳи, шиддатли тезликда деярли 2,9 метрга кўтарилди.
Тошқин шаҳарнинг турли ҳудудларига тарқалиб, ўзининг кучи ва давомийлиги билан аҳолини даҳшатга солди. Ўт ўчириш бўлимига машиналар тиқилиб қолгани, ертўла ва гаражларни сув босгани, дарахтларнинг қулагани ҳақида кўплаб мурожаатлар келиб тушди.
Дўлнинг қалин қатлами уйларнинг томларини қоплади. Турин йўллари музли дарёларга айланиб, транспорт ҳаракатини издан чиқарди, баъзи ер ости ўтиш жойлари ёпилди.
Дўл уюмлари бир неча ўн сантиметрга етгани сабабли,
шаҳар кўчаларини бульдозерлар ёрдамида тозалашга тўғри келди.
Турин кўчаларида «муз дарёлари», Италия
Қишлоқ хўжалигига ҳам катта зарар етди. Coldiretti Torino номли қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси президенти бу ҳудудда илгари дўл бўронлари камдан-кам кузатилгани, аммо сўнгги икки йил ичида улар ҳақиқий фалокатга айланиб, узлуксиз тарзда содир бўлаётгани ҳақида хабар берди.
24-26 май кунлари Краснодар ўлкасида
тезлиги 35 м/с гача бўлган бўронли шамол кўтарилди.
Довул пайтида вилоятнинг турли шаҳарларида дарахтлар оммавий равишда қулади, электр симлари узилди, уйларнинг томлари учиб кетди. Бўрон Краснодар, Новороссия, Апшерон ва Армавирда жуда жиддий оқибатларга олиб келди. Шаҳар аҳолиси реклама баннерлари ва йўл белгиларига зарар етгани ҳақида хабар беришди. Дарахтлар қулагани сабабли машиналар зарар кўрди, алоқа узилишлари ҳам қайд этилди.
Россиянинг Краснодар ўлкасида бўронли шамолларнинг ҳалокатли оқибатлари
Краснодардаги мактаблардан бирида табиий офат фожиага сабаб бўлди. Тантанали охирги қўнғироқ чоғида тўсатдан кўтарилган шамол томнинг бир қисмини учириб, уни пастда турган болалар устига улоқтирди.
Учрашувда қатнашган оналардан бири шундай деди: «Ҳаммаси менинг кўз ўнгимда содир бўлди. Ота-оналар мактаб ташқарисида туришган эди. Йиғилиш бошланишидан олдин қандайдир овоз эшитилди ва кўз ўнгимизда томнинг бир қисми ҳовлининг бурчагига, ўша ерда турган болаларнинг устига учиб тушди. Ваҳима бошланди, болалар ҳовлидан қочишга, ота-оналар эса ҳовлига киришга ва ўз фарзандларини топишга ҳаракат қилишди…»
Ҳодиса оқибатида 12 нафар болалар турли хил даражадаги жароҳатлар билан тиббий муассасаларга етказилган. Йиғилишда қатнашган қолган ўқувчилар кучли стрессга тушдилар. Мактаб ҳудудидан 187 кишини эвакуация қилишга тўғри келди.
26 май куни Тинч океанининг кучли циклони Камчаткага келиб урди. У кучли ёмғир ва бўронли шамолларни олиб келди. Шамол уйларнинг томлари учириб, дарахтларни ва устунларни қулатди, автобус бекатларини, иссиқхоналарни ва чиқинди бакларини ағдарди. Оёқда туриш учун, йўловчилар ушлаб олиш учун ниманидир излашга мажбур бўлишди.
Циклон деярли тўрт ойлик ёғингарчилик меъёрини Елизово шаҳрига олиб келди, бу эса 129 мм ёғингарчилик (май ойининг ўртача ойлик меъёри — 33,2 мм ёғингарчилик). Жуда кучли шамоллар қирғоқбўйи ҳудудларга келиб урди. 26 май куни Крестов, Лопатка ва Озерний қирғоқларида бўронли шамолларнинг тезлиги 40–42 м/с га етди. Петропавловск-Камчаткада шамолнинг тезлиги 30 м/с га етди. Синоптикларнинг маълумотларига кўра, 26 май куни Камчатка бўйлаб ўтган Тинч океанининг кучли циклони ноодатий бўлган. Ўз характери бўйича у кўпроқ қишки циклонга ўхшаш бўлди.
26 май куни «Ремал» тропик тўфони Ҳиндистон ва Бангладеш қирғоқларига тезлиги соатига 135 км га етадиган шамоллар билан келиб урди.
Ҳиндистон метеорология департаменти Ғарбий Бенгалия қирғоқлари учун қизил огоҳлантириш эълон қилди. Балиқчиларга денгизга чиқмаслик тавсия қилинди.
Иккала мамлакатда ҳам
3 750 000 га яқин одамлар жабр кўрди, 1 000 000 дан зиёд одамлар эвакуация қилинди.
Камида 54 киши табиий офат қурбонига айланди.
Тўфон 144 000 дан зиёд уйларга зарар етказди ва 37 500 та уйни бутунлай вайрон қилди.
«Ремал» тропик бўронидан вайрон бўлган қишлоқлар, Ҳиндистон ва Бангладеш
Циклон жанубий Бенгалиянинг бир қанча туманларида ҳаво, темир йўл ва автомобиль алоқаларини узиб қўйди.
Баъзи ҳудудларда Бенгал кўрфазидаги шўр сув тўғонларни бузиб, қишлоқ хўжалиги ерларига оқиб кетди ва экинларга жиддий зарар етказди.
Ҳар ҳафта сайин иқлим офатларининг прогрессияси янада яққол намоён бўляпди. Глобал атмосфера ва океан ҳароратининг кўтарилиши, сайёрамиз бўйлаб тошқинлар ва бўронлар частотасининг ва кучининг кескин ошишига олиб келяпди. Шунга қарамай аҳолининг аксарият қисми бу муаммо ҳақида ўйламасликни афзал кўради, чунки улар буни қандай ҳал қилишни билишмайди. Ваҳоланки, иқлим офатларининг прогрессиясини секинлаштирадиган технологиялар аллақачон мавжуд. Бу олимларга келажак авлодлар учун Ерни сақлаб қолишга ёрдам берадиган ечимларни ишлаб чиқиш учун зарур бўлган вақтни беради..
Ушбу ноёб технологиялар ҳақидаги маълумотлар «Ҳаводан Сув: Инсониятни Қутқариш Йўли» номли илмий-оммабоп фильмда келтирилган.
Ушбу мақоланинг видео версияси билан бу ерда танишишингиз мумкин:
Шарҳ қолдириш