Март ойининг охирида Хитойга ҳалокатли конвектив бўронлар келиб урди. Цзянси провинциясида бўронли шамоллар, ёмғирлар ва дўлдан 352 000 киши жабр кўрди, етти киши ҳалок бўлди.
31 мартга ўтар кечаси Наньчан шаҳридаги
кучли шамол кўп қаватли уйнинг полдан шифтгача бўлган деразаларини
уриб синдирди.
Наньчан шаҳрида бўронли шамол оқибатлари, Цзянси провинцияси, Хитой
Шамол шунчалар кучли бўлганидан, 20- ва 11-қаватларда ухлаб ётган уч кишини синган ойналардан учириб кетди. Афсус, уларда омон қолиш имконияти бўлмаган.
Вайрон бўлган бинонинг 20-қаватида яшайдиган аёлнинг айтишича, шамол учириб кетмаслиги учун, унинг оила аъзолари ниманидир маҳкам ушлаб туришларига тўғри келган. Улар шунчалар қўрқиб кетишганидан туни билан ухлашмаган.
Ушбу минтақада шамолнинг максимал тезлиги 31 март куни Таннань Хунсин станциясида эрталаб соат 4 да қайд этилди. Бу кўрсаткич секундига 35,3 метр бўлди.
Метеорологик стандартларга кўра, тайфуннинг шамол циркуляцияси маркази яқинидаги максимал ўртача шамол тезлиги секундига 32,7 метрдан 41,4 метргача етади ёки Хитойда шамол кучини таснифлаш учун ишлатиладиган кенгайтирилган Бофорт шкаласи бўйича 12 дан 13 баллгача. Яъни, Наньчандаги шамол тезлиги тайфун ўтаётган пайтдаги шамол тезлиги билан тенг бўлган.
Наньчан метеорология обсерваториясининг бош синоптики Мэн Минхуа, воқеа жойидаги шамолнинг ҳақиқий тезлиги метеостанцияда қайд этилган кўрсаткичдан юқори бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида айтди.
Шуниси эътиборга лойиқки, шамолнинг 10 дан 11 гача бўлган даражаси инсоннинг оёқда туриши учун критик ҳисобланади.
Цзянси провинциясининг тошқинларга қарши курашиш ва қурғоқчилик оқибатларини бартараф этиш штаб-квартираси маълумотларига кўра, 5 апрель ҳолатига 3 856 нафар киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. 48 та уй бутунлай қулаб тушди ва 14 496 таси жиддий зарар кўрди.
Бўронлар қишлоқ хўжалигига ҳам жиддий зарар етказди ва 25 700 гектар экинга таъсир қилди. Тўғридан-тўғри иқтисодий зарар 35 млн. доллардан ошди.
2 апрель куни яна бир кучли бўрон худди ўша шаҳарда одамларни қулаб тушган уйда қамаб қўйди.
Шаҳарнинг кекса аҳолиси
ҳаётларида бундай кучли шамолни кўрмаганликлари ҳақида айтишди.
Тахминан бир ойдан бери бўронлар, тошқинлар ва дўллар Саудия Арабистонининг турли минтақаларини қўйиб юбормаяпди.
Аммо 29 мартдан бери мисли кўрилмаган воқеа юз бера бошлади: дунёдаги иккинчи энг йирик чўлида
бир ҳафтадан бери момақалдироқ ва дўл билан бирга келган кучли ёмғирлар
тўхтамаяпди, баъзи ҳудудларда эса ҳатто қор ёғди.
Бу эса бутун мамлакатнинг водийлари ва рифларида дўл дарёлари юзага келишига сабаб бўлди.
31 март куни Эль-Баха округида кун давомида рекорд даражадаги 55 мм ёғингарчилик ёғди, март ойининг ўртача ойлик меъёри — 15,92 мм. Яъни, 24 соат ичида бир ойда ёғадиган ёғиндан 3,5 баравар кўп ёмғир ёғди!
Кўплаб магистраллар ва йўллар сув остида қолди. Бир нечта ҳудудларда «қизил хавф даражаси» эълон қилинди.
15 та тўғондаги сув миқдори уларнинг ҳажмидан ошиб кетди.
Саудия Арабистонининг Эль-Баха округидаги мисли кўрилмаган тошқинлар
Атроф-муҳит, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги одамларга тўғонлар жойлашган водийлардаги дарёлардан узоқроқ бўлишни, шунингдек хавфсизлик кўрсатмаларига риоя қилишни маслаҳат берди.
Асир округидаги Аль-Намас шаҳрида кўчаларни қор қоплади. Бу ҳодиса
минтақада сўнгги 25 йил ичида биринчи маротаба содир бўлди.
Саудия Арабистонининг Асир округидаги Аль-Намасда ноодатий қор
Абхе ва бошқа шаҳарларда ҳаво ҳарорати +10°C дан пастга тушди ва туман пайдо бўлди. Саудия Арабистонида содир бўлган тошқинлар кўламини Саудия Арабистонининг метеорология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Бош бошқармасининг собиқ вице-президенти доктор Абдулла бин Ахмед Аль-Джазеа шундай деб изоҳлади: «Мен 35 йилни метеорологияда ўтказдим ва бундай кучли тошқинларни ҳеч қачон кўрмаганман ва эшитмаганман».
Қиролликнинг шимоли-шарқидаги кучли ёмғирлар ва тошқинлардан сўнг ғалати ва хавотирли ҳодиса қайд этилди: миллионлаб қўнғизлар пайдо бўлиб, уларнинг галалари кўчаларни тўлдириб юборди.
Саудия Арабистонининг шимоли-шарқида қўнғизларнинг босқини
31 март куни кучли бўрон Ҳиндистоннинг тўртта штатига катта вайронагарчиликлар келтирди: Ғарбий Бенгалия, Ассам, Мизорам ва Манипура.
Бўрон Гувахати шаҳридаги Локприя Гопинат Бордолой халқаро аэропортига зарар етказди. Аэропорт биносини сув босди, унинг деворлари ва томлари жиддий зарар кўрди. Ағанаган дарахтлар йўлларни тўсиб қўйди ва одамларнинг аэропортга киришини ва терминалга ёнилғи етказиб беришни қийинлаштирди. Кўп рейслар бекор қилинди.
Бир вақтнинг ўзида торнадо ва дўл билан кучли ёмғирлар келиб ургандан кейин, Ғарбий Бенгалиядаги Джалпайгури округи ҳаммадан катта зарар кўрди.
Ҳиндистондаги ҳалокатли бўрон
Бўрон шу қадар кучли бўлдики, шамол осонлик билан мотоциклларни, машиналарни ва уйларнинг синган қисмларини кўчаларга сочиб ташлади. Бўрон дарахтларни илдизи билан юлиб, электр устунларини ағдарди, 800 га яқин уйларга ва қишлоқ хўжалиги ерларига зарар етказди.
Джалпайгури округидаги торнадо, Ғарбий Бенгалия, Ҳиндистон
Табиий офатдан 5 киши ҳалок бўлди, 300 дан кўп одам жароҳат олди, улардан 42 нафари жуда оғир аҳволда.
31 март куни кучли ёмғир билан дўл Бангладешнинг айрим ҳудудларида тартибсизликлар ва вайронагарчиликлар келтириб чиқарди. Камида 140 киши жароҳат олди.
Сунамгандж округида камида 500 та уй зарар кўрди.
Бангладешдаги кучли ёмғирларнинг оқибати
Силхет округида аномал катта дўл ёғди.
У ерда яшайдиган одам: «Дўл бўронлари илгари ҳам содир бўлган бўлса-да, бу сафар
дўллар ақлга сиғмайдиган даражада катта бўлиб,
кўплаб уйларнинг вайрон бўлишига сабаб бўлди» деди.
Бангладешнинг Силхет туманида аномал катта дўл
Кўпчилик ижтимоий тармоқларга зарар кўрган автомобилларнинг, тунука томларнинг ва деразаларининг расмларини ва видеоларни жойлаштирди.
Бироқ Бангладешнинг Метеорология департаментининг 72 соатлик прогнозида Силхетда кучли дўл бўлиши ҳақида ҳеч қандай огоҳлантиришлар бўлмаган.
3 апрель куни Тайвань ороли яқинида 7,2 магнитудали зилзила содир бўлди (Тайвань зилзилаларни кузатиш агентлиги маълумотларига кўра). Зилзила маҳаллий вақт билан соат 7:58 да содир бўлди. Эпицентр денгизда, Хуалянь уездидан 25 км жануби-шарқда, ўчоқ эса 15,5 км чуқурликда эди.
Биринчи куннинг ўзида 260 дан кўп афтершоклар содир бўлди, шу жумладан 5,0 магнитудадан ва битта 6,0 магнитудадан юқори бўлган кучли зилзилалар ҳам.
Тайвань оролида сўнгги 25 йил ичидаги энг кучли М7,2 зилзила
Ушбу зилзила
сўнгги 25 йил ичида оролда содир бўлган энг кучли зилзила бўлди.
У камида 10 кишининг ўлимига сабаб бўлди, 1 000 дан зиёд одамлар жароҳат олди.
Тайвань оролида М7,2 зилзила пайтида вайрон бўлган уйлар
Зилзилалар кўплаб кўчкиларни ва тошқинларни келтириб чиқарди. Одамлар шахталарда, туннелларда ва биноларда қамалиб қолишди.
Тайвань оролидаги зилзиланинг оқибатлари
Метро ва тезюрар поездлар тўхтатилди. Тайвань автойўл бюроси маълумотларига кўра, баъзи автомагистраллар эҳтиёт чораси сифатида ёпилган.
Кенг кўламли табиий офатлар нафақат улар содир бўлган мамлакатга, балки кўпинча бутун дунё иқтисодиётига ҳам зарар етказади. Мисол учун, микросхемаларни ишлаб чиқарадиган дунёдаги энг илғор саноат корхоналарнинг 92% Тайвань оролида жойлашган. Ушбу корхоналардаги энг кичик узилишлар ҳам бутун глобал таъминот занжирига жиддий таъсир қилади.
Март ойининг охирида Саҳрои Кабирдан келган чанг Европани қамраб олди.
Саҳрои Кабир йилига 60 дан 200 миллион тоннагача минерал чанг ажратади. Каттароқ зарралар тезда ерга ўтирган бир вақтда, кичик зарралар минглаб километрларни босиб ўтиб, Европа қитъасигача ҳам етиб бориши мумкин.
Бу сафар Европа аҳолиси одатдагидан
кўра кучлироқ табиий ҳодисани
кузатдилар.
Сахрои Кабир чанги Швейцарияда ва Франциянинг жануби-шарқида осмонни қамраб олиб, уни сариқ рангга бўяди.
Чанг 3000 метрдан пастда тўплангани сабабли, ҳаво сифатига жуда катта таъсир кўрсатди — мониторинг атмосферадаги дисперс заррачаларнинг даражаси ошганлигини кўрсатди.
SRF Meteo метеорологи, Роман Брогли,
шундай изоҳ берди: «Ҳисоб-китобларга кўра, чанг миқдори тахминан 180 000 тоннага етди, бу сўнгги шунга ўхшаш воқеалар пайтида қайд этилган даражадан
икки баравар кўп».
Франциядаги Альп тоғларида Саҳрои Кабирдан келган чанг булути
Ҳафтанинг ўрталаридан бошлаб Греция пойтахти Афина ҳам ушбу ҳодисадан азият чекди. Вазият Грецияда йилнинг шу даврида аномал юқори ҳарорат туфайли оғирлашди. 27 март куни Афина марказида қайд қилинган ҳарорат ушбу ой учун рекорд +25,3°C бўлди, Крит оролида эса ҳарорат ҳатто +32°C га етди.
Шу вақтнинг ўзида, бошқа Европа мамлакатларини ҳам аномал ёзги жазирама қамраб олди. Юзлаб ҳарорат рекордлари катта фарқ билан янгиланди. Табиийки, ушбу об-ҳаво аномалияси момақалдироқ, кучли ёмғир ва дўл билан ҳалокатли бўронларни келтириб чиқарди.
30 мартдан бошлаб Украина ҳудудига Африка қитъасидан жуда илиқ ҳаво кириб кела бошлади. Ўртача кунлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 5-12 даражага ошди ва кўплаб ҳарорат рекордлари янгиланди.
2 апрель куни кучли шамол туфайли 300 га яқин аҳоли пунктлари электр таъминотисиз қолди. Ҳаммаси бўлиб Украинада 115 000 га яқин истеъмолчилар электрсиз қолди.
Ҳаммадан кўп Киев вилояти зарар кўрди. Пойтахтда кучли шамол дарахтларни синдириб, уйларнинг томларини учириб кетди.
Европадан ўтган кучли чанг булути, 31 мартдан 3 апрелгача Украинанинг кўплаб минтақаларига тарқалди.
Бўронли шамол Саҳрои Кабирдан келган чангни кўчаларга тарқатяпди, Украина
Кучли шамол Саҳрои Кабирдан келган чангни жуда катта тезликда тарқатиб, кўчаларда нафас олишни қийинлаштирди.
1 апрель куни Польшанинг жанубига келиб урган бўронли шамол 5 кишининг ўлимига сабаб бўлди.
Польшадаги бўронли шамолларнинг оқибати
Татр чўққиларидаги Подгальеда, унинг тезлиги секундига 43 метрга етди. Шамол дарахтларни ағдариб, уйларнинг томларини учириб кетди.
Шиддатли шамоллардан аввал уч кун ғайриоддий илиқ об-ҳаво турган.
Мисол учун, 30 март куни жанубдаги Тарнув шаҳрида ҳарорат +26,4 °C га кўтарилиб,
ушбу ой учун янги тарихий рекордга етган.
Икки кунлик кучли ёмғирлардан сўнг, Франциянинг ғарбий қисмидаги дарёлар ўз қирғоқларидан чиқиб, тарихий тошқинларни келтириб чиқарди. 48 соат ичида учта департаментда (Юқори Вьенна, Вьенна, Эндр ва Луара) деярли икки ойлик ёғингарчилик ёғди.
Франциядаги рекорд тошқинлар
Декарт кантонидаги Крёз дарёсининг сатҳи 7,34 м га кўтарилиб, 101 йил аввал (1923 йил) ўрнатилган рекордни янгилади.
Ўнлаб йўллар ёпилди, шаҳарлардаги кўчалар кўлларга айланди. Юзлаб одамлар эвакуация қилинди.
Маҳаллий аҳоли бу воқеани шундай изоҳлади:
«Мен ҳеч қачон бундай ҳолатни кўрмаганман.
Биз учун бу
аср тошқини»,
«Тошқин
жудаям тўсатдан юзага келди»,
«Биз дарёнинг кўтарилишига ўрганиб қолганмиз, лекин
бундай тезликда эмас».
Россияда хавфли об-ҳаво ҳодисалари ортиб боряпди.
Апрель ойи мамлакатнинг Европа қисмида аномал иссиқ об-ҳаво билан бошланди. 3 кун ичида, 31 мартдан 2 апрелгача, 19 та минтақада 171 тадан кўп ҳарорат рекордлари янгиланди!
2 апрель куни Москвада минтақадаги об-ҳавони 145 йиллик кузатувлари тарихидаги рекорд максимал ҳарорат ўрнатилди. Ҳаво ушбу сана учун ақл бовар қилмайдиган +23,2°С гача қизиди.
Санкт-Петербургда ҳам бир кун олдин мутлақ рекорд қайд этилди — деярли ёзги +19,6°С.
Смоленскда эса худди июль ойидагидай — +25,6°С.
Россиянинг Европа қисмида мавсумга хос бўлмаган рекорд даражадаги иссиқ об-ҳаво
Аммо чоршанбага, 3 апрелга келиб, «Патриция» Болтиқбўйи циклонининг совуқ атмосфера фронти мамлакатнинг бир неча минтақаларидаги об-ҳаво ҳолатини тубдан ўзгартирди. Смоленск ва Карелия Республикасида ҳарорат бир суткада баъзи жойларда кескин 20 даражага тушиб кетиб, нолдан паст бўлди.
Уч кунлик рекорд иссиқ об-ҳаводан сўнг, Москвани тезлиги секундига 21 метрга етадиган бўронли шамоллар ва ёмғирлар қамраб олди, баъзи жойларда эса майда муз бўлаклари ёғди. Шамол томларни учириб, бекатларни ва дарахтларни ағдарди. Табиий офат икки кишининг ҳаётига зомин бўлди, 17 киши касалхонага ётқизилди.
Санкт-Петербургдаги
мутлақ иссиқлик рекордидан кейин,
дўл ва момақалдироқ келди. Уларнинг ўрнига эса
қор ва -4 °С ҳарорат билан қишки об-ҳаво келди.
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида дўл ёғди
Ленинград вилоятида ҳам хаос юзага келди.
Вилоятнинг шимолида музли ёмғир ва кучли қор ёғди, жанубида ҳарорат +16°С га кўтарилди, вилоятнинг шарқига эса туман тушди.
Ладога шимолида
18 см қор ёғди.
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида тўсатдан совуқ тушиб, қор ёғиши
Март ойидаги аномал илиқ об-ҳаво қор ва музнинг тез эришига сабаб бўлди. Бу эса ўз навбатида дарёларнинг тез кўтарилишига ва қўшни ҳудудларни сув босишига олиб келди.
5 апрель ҳолатига мамлакатнинг
36 та вилоятини
ғайриоддий кучли тошқинлар қамраб олган.
Оренбург вилоятидаги аномал баҳор тошқинлари, Россия
Оренбург вилоятида 5 апрель куни Урал дарёси Орск шаҳридаги тўғонни ёриб ўтиб, кучли тошқинларга сабаб бўлди. 2 500 дан зиёд уйларни сув босди. Шошилинч эвакуация эълон қилинди. Тошқин зоналаридан 4 200 дан кўп одам эвакуация қилинди.
Орскдаги ёрилган тўғон яқинидаги Урал дарёсининг сатҳи 9,6 метрга етди.
Гидротехник иншоат эса атиги 5,5 метрга мўлжалланган.
Вилоятдаги тошқин ҳали ўз чўққисидан ўтмаган, шунинг учун сув келишни давом этяпди.
Кенг кўламли тошқинлар Сибирда ҳам содир бўлди: Новосибирск, Кемерово, Томск вилоятларида ва Олтой ўлкасида.
Бу ерда иқлим баҳори
муддатидан деярли 2 ҳафта олдин
бошланди.
Олтой ўлкасида март ойининг охиридан бошлаб фавқулодда режим жорий этилди. Сув сатҳи юқори бўлгани сабабли йўлларнинг айрим жойлари ёпилди. Юзлаб уйларни сув босди.
Новосибирск вилоятида сув шу қадар баланд кўтарилганидан, одамлар белигача сувда юришди.
Челябинск вилоятида сув оқими кўприкни ювиб кетди. Яқин қишлоқ аҳолиси учун бу ягона ўтиш жойи бўлгоан. Қутқарувчилар озиқ-овқат ва дори-дармонларни сув орқали етказиб беришди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълумотларига кўра, Самара вилоятидаги тошқинлар
сўнгги 35 йил ичидаги энг кучли тошқинлар бўлган.
Вологда вилоятида эса
бундай тошқинлар сўнгги 58 йил ичида содир бўлмаган.
Москва вилоятининг Химки шаҳрида сув шунчалар кўп бўлганидан, аҳоли пуфланадиган қайиқларга кўчиб ўтган. Гувоҳларнинг айтишича, бу ҳудудда ҳеч қачон бундай тошқин бўлмаган.
Апрель ойи бошида бир қатор бўронлар АҚШнинг марказий штатларидан то шимоли-шарқигача бўлган улкан ҳудудни қамраб олди.
Техас штатида 1 апрель куни
11 см гача бўлган жуда катта дўл
қайд этилди. Худди шу куни мамлакат бўйлаб бир нечта торнадо ҳам ўтди.
Tехас штатида катта дўл, АҚШ
2 ва 3 апрель кунлари табиий офатлар мамлакатни вайрон қилишни давом этди.
Сешанба ва чоршанба кунлари эрталаб Иллинойс, Кентукки, Огайо, Алабама, Теннесси ва Джорджияда 16 та торнадолар, ҳамда вайронали шамоллар ҳақида ўнлаб хабарлар қайд этилди.
Қўшма Штатлардаги бўронларнинг ҳалокатли оқибатлари
Сешанба куни Ғарбий Виржиниянинг бир нечта округларида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Кучли момақалдироқ бутун штат бўйлаб тошқинларга сабаб бўлди.
Индиана жанубида, 265-автомагистралда кучли шамоллар бир нечта транспорт воситаларини ағдар, йўлларни бутунлай тўсиб қўйди.
Кентукки штатининг Бойд округида
соатига 164 км тезликда шамол эсгани
ва инфратузилмаларга жиддий зарар етказгани ҳақида хабар берилди.
Бўрон ўз ортидан Теннесси штатида вайроналар йўлагини қолдирди. EF-2 торнадоси Атланта яқинида жойлашган Коньерс ва Джорджия шаҳарларига келиб урди.
Бўронлар тўрт кишининг ҳаётига зомин бўлди, ўнлаб одамлар жароҳат олди.
29 март куни Тель-Авивдан учаётган United Airlines авиакомпаниясининг самолёти кучли турбулентликка дуч келди.
Экипаж аъзолари фавқулодда вазият ҳақида хабар берди, шу сабабли рейс шимолга, Нью-Йорк штатидаги Стюарт халқаро аэропортига йўналтирилди. У ерда самолёт фавқулодда қўнишга мажбур бўлди. 22 нафар йўловчи жароҳат олди, етти кишини касалхонага ётқизишга тўғри келди.
Нью-Йорк штатидаги Стюарт халқаро аэропортига United Airlines самолётининг фавқулодда қўниши, АҚШ
3 апрель куни Янги Орлеандан Орландога қараб ҳаракатланаётган Southwest Airlines авиакомпаниясининг рейсида, кучли турбулентлик туфайли икки киши жароҳат олди. Капитан фавқулодда ҳолат эълон қилди ва самолётни Флорида штатининг Тампе шаҳрида қўндиришга мажбур бўлди. Жароҳат олганлар тиббий муассасага етказилган.
3 ҳафта олдин, Сиднейдан (Австралия) Янги Зеландиянинг Окленд шаҳрига парвоз пайтида кучли турбулентлик содир бўлди. Натижада 50 киши жароҳат олди. Улардан 12 нафари касалхонага етказилди. Бир кишининг аҳволи оғир, қолганларнинг аҳволи ўртача ва енгил деб баҳоланди.
Тобора кўпроқ самолётлар тўсатдан баландликни йўқотишни бошлагани жиддий хавотир уйғотяпди. Улар том маънода ҳаво бўшлиқларига тушиб қоляпди. Бу эса жиддий жароҳатларга ва ҳатто одамланинг ўлимига ҳам олиб келади. Ҳозир бундай эпизодларнинг барчасини самолётнинг техник носозликлари ёки мусаффо осмоннинг турбулентлиги билан боғлашади.
Асосий сабаб эса эътибордан четда қоляпди. Ваҳоланки авиация ҳодисаларининг сони бутун сайёра бўйлаб катаклизмлар сони сингари жуда тез ортиб боряпди. Буларнинг барчаси битта занжирнинг бўғинлари. Ҳавода учиш аллақачон хавфли бўлиб қолди. Бундай тенденция билан яқин келажакда бизни барча рейсларнинг бекор қилиниши кутяпд.
Бундай аномалияларнинг сабаблари ҳақида батафсил маълумот
«Глобал инқироз. Масъулият»
форумда келтирилган.
Сиз ушбу мақоланинг видео версиясини шу ерда кўришингиз мумкин:
Шарҳ қолдириш